Зеленский Херсон озодлиги йўлида ўз жонини фидо қилганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди
Украина президенти Владимир Зеленский “Херсон озод қилингани”нинг бир йиллиги муносабати билан чиқишида, унинг кучлари Россия армиясининг стратегик аҳамиятга эга жанубий шаҳарга қилган ҳужумларига жавоб қайтаришини айтди.
"Биз Украина фуқароларини Ғазо секторидан эвакуация қилишни давом эттирмоқдамиз. Бу иш том маънода ҳар куни давом этмоқда. Нажот топганлар сони деярли ҳар соатда ўзгариб туради. Аллақачон 214 кишимиз қутқарилди. Молдова фуқароларига ҳам ёрдам беряпмиз. Мудофаа разведкасига, Ташқи ишлар вазирлигига, Украинанинг минтақадаги элчихоналарига, шунингдек, бу ишда бизга ёрдам берган барчага миннатдорчилик билдираман”, - деди Зеленский.
Зеленский ўзининг тунги мурожаатида Херсон озодлиги йўлида ўз жонини фидо қилганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Зеленский, шунингдек, Украина фуқароларини Ғазо секторидан эвакуация қилиш ҳаракатлари давом этаётганини, 214 нафар украиналик олиб чиқиб кетилганини ва уларнинг сони “деярли ҳар соатда” ўзгариб бораётганини айтди.
Россия армияси Авдеевкани қуршаб олишга уринишда давом этмоқда
Авдеевка йўналишида рус қўшинлари ҳарбий учоқлар кўмагида шаҳарни ўраб олишга ҳаракат қилмоқдалар. Киев маълумотига кўра, Украина Қуролли кучлари бир кунда бу ерда, Донецк вилоятида - Новокалиновое шарқида, Степное, Авдеевканинг ўзида, Северное, Тоненкое жанубида ва Первомайскийда Россиянинг 35 та ҳужумини қайтарган. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штабининг эрталабки ҳисоботида айтилади.
Тамбов вилоятидаги порох заводида ёнғин
11 ноябрга ўтар кечаси Тамбов вилоятининг Котовск шаҳридаги порох заводида ёнғин содир бўлди. Гувоҳларнинг таъкидлашича, бундан олдин портлаш содир бўлган, бу ҳақда "База", "Диққат, Янгиликлар" ва Астра телеграм каналлари ёзмоқда.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Бошқарма маълумотларига кўра, ёнғин заводнинг алоҳида бир қаватли биносида содир бўлган. Ёнғин тахминан уч юз квадрат метрни қамраб олган – ҳозирда у ўчирилган. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар йўқ.
Ёнғин сабаблари ва шароитларига аниқлик киритилмоқда.
Украина Қримда иккита рус катерини йўқ қилган
Жума куни кечқурун Украина кучлари аннексия қилинган Қримда Россиянинг тезюрар десант катерларини ҳужумга тутган.
Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлигининг Разведка бош бошқармаси хабар берди. Вазирлик эълон қилган видеода дронлардан бири кемаларнинг бирига урилгани кўринади.
Ҳужум натижасида Россиянинг иккита катери йўқ қилинган. Ҳужумга тутилган кемалар бортида экипаж ва зирҳли техникалар ҳам бўлгани айтилади. Қрим ғарбидаги Черноморск қишлоғи яқинида рус катерларига қилинган ҳужумни Россиянинг баъзи телеграм каналлари ҳам тасдиқлади.
Россия Мудофаа вазирлиги кечаси Қрим осмонида иккита дрон уриб туширилганини расман маълум қилди. “База” телеграм канали хабарига кўра, улар Феодосиядаги нефт омборига ҳужум қилган. Улардан бири базага тушган, аммо гўёки жиддий зарар етказмаган.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлигига кўра, 10 ноябрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина ҳудудига олтита “Шаҳед” камикадзе дронлари ва иккита ракетани учирган, бешта учувчисиз учоқ ва битта ракета уриб туширилган. Черкас вилоятида вайронагарчилик бўлган, лекин ҳеч ким жабрланмаган..
Украина кучлари Днепрнинг чап қирғоғида назорат ҳудудини кенгайтириш мақсадида Херсон вилоятининг Кринки қишлоғида жанглар олиб бормоқда.
Россия манбалари Украина кучларининг ҳудуддаги бошқа қишлоқлар, хусусан, Песчанивка яқинидаги ҳужумлари ҳақида хабар берган.
Ўтган йили рус қўшинлари Херсондан чекинишга ва Днепрнинг чап қирғоғида мудофаа қилишга мажбур бўлишди. Бироқ сўнгги ҳафталарда украиналик ҳарбийлар Днепрни кесиб ўтди ва Херсон вилоятининг жануби-ғарбий қисмида эҳтимолий операциялар учун истеҳком яратишга уринмоқда.
Аввалига улар Днепр жанубидаги ботқоқли ҳудудда, оғир техникани ўтказиш учун яроқсиз бўлган жойда разведка ўтказдилар, аммо ҳозир жанглар янада жанубга, дарё бўйлаб Олешки қишлоғидан Новая Каховка шаҳрига олиб борадиган йўлда бўляпти.
Урушни ўрганиш бўйича Америка институтига кўра, Россия қўмондонлиги Украинанинг олдинга силжишини тўхтатиш учун ҳудудга қўшимча жанговар кучларни юборишда муаммоларга дуч келиши мумкин, чунки бу Россиянинг Запорожье вилоятидаги мудофаасини, Авдиевка ва бошқа ҳудудлардаги ҳужум операцияларини заифлаштириши мумкин.
Россия пайшанба куни Украинанинг бир неча йўналишдаги ҳужумларини қайтарганини даъво қилган, Украина томони эса Россия қўмондонлик пунктлари ва разведка объектларига ҳужум қилганини айтган.
Россия Мудофаа вазирлиги иддаосича, уларнинг кучлари Украина армиясининг Купянск, Лиман, Донецк ва бошқа баъзи йўналишлардаги ҳужумларини бартараф қилиб, Украина томонининг ракета отиш мосламалари, танклари ва бошқа нишонларига зарба берган.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби маълум қилишича, сўнгги 24 соат ичида Бахмут, Авдиивка, Маринка ва бошқа ҳудудларда Украина ва Россия кучлари ўртасида шиддатли жанглар бўлиб ўтган.