Купянскдан аҳоли эвакуация қилинмоқда
Украина ҳукумати Россиянинг тинимсиз ҳужумга тутаётган шимоли-шарқидаги Купянск шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудлардан болаларни эвакуация қилишни бошлади.
Купианск ҳарбий таъминот учун муҳим логистика ва темир йўл маркази ҳисобланади.
Рус қўшинлари шаҳарни ўраб олишга ва қайта эгаллашга уринмоқда.
Ҳозирда бу шаҳар шарқий фронтнинг энг қайноқ нуқталаридан бирига айланган.
Украиналик ҳарбийлар Купянск яқинидаги Вузловой шаҳарчасида уйма-уй юриб, ота-оналарга Россиянинг ҳудудни ҳужумга тутиши хавфи кучайиб бораётганини тушунтирмоқда..
Ҳозирда аҳолини мажбурий эвакуация қилишга буйруқ берилган.
Харков полицияси ходими Антон Синелник аҳолини эвакуация қилишда кўп муаммоларга дуч келинатганини айтади.
"Баъзилар эшикни очмайди, милиция қўнғироқларига жавоб бермайди, телефонни кўтармайди. Ҳозир ҳудудда 270дан ортиқ бола қоляпти, улар ва ота-оналари зудликда эвакуация қилиниши керак", дейди полиция ходими Антон Синелник.
Аксарият ота-оналар уйларини тарк этишни истамасликларини, чунки улар бошқа жойда турар жой учун пул тўлашга қодир эмасликларини айтишди.
БМТ: Украинадаги урушда 10000 тинч аҳоли ҳалок бўлган
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоб-китобича, Украинада уруш бошланган 2022 йил февралидан буён 10 мингга яқин тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Бош котиб ёрдамчиси Мирослав Йенча чоршанба куни Хавфсизлик Кенгашига Украинада тинч аҳолига давом этаётган таъсирлар ҳақида маълумот берди:
"Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар идораси маълумотига кўра, ўтган йилнинг февраль ойидан буён 9933 киши ҳалок бўлган, 18302 киши жароҳатланган. Биз тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмасига қарши барча ҳужумларни, улар қаерда содир бўлишидан ва ким жавобгарлигидан қатъи назар, кескин қоралашда давом этамиз. Бундай ҳужумларни халқаро гуманитар ҳуқуқ тақиқлайди. Улар номақбулдир ва дарҳол тўхтатилиши шарт".
Россия украин жангчисини 19 йилга қамади
Ростов-Донда суд украин армияси жангчиси Антон Чередникни 19 йиллик қамоққа ҳукм қилди.
“Грати” нашрига кўра, Антон Чередник 2022 йил баҳорида Мариупол учун бўлган жангларда асирга тушган. Тергов маълумотларида украин жангчиси Мариуполдаги Мирний посёлкасида икки эркакни тўхтатиб, улардан украин тилида гапиришни талаб қилган ва эркаклардан бирини украинча талаффузи бузуқлигини баҳона қилиб отиб ташлагани айтилган.
Украин ҳарбий асири ҳокимиятни куч билан босиб олишда ҳам айбланган. Айблов хулосасида Мариупол “маркази Донецк шаҳри бўлган мустақил давлатнинг Украина томонидан вақтинча оккупация қилинган ҳудуди” деб аталади.
Чередник ҳукм кучга киргунича Ростов-Дондаги тергов ҳибсхонасида қолади, мустақил адвокатлар унинг ёнига киритилмаяпти, украин ҳарбий хизматчиси манфаатларини давлат томонидан тайинланган адвокат тамсил қилмоқда.
Кирби: АҚШ Украинага ажратган маблағнинг 96% сарфлаб бўлинди
АҚШнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Кирби АҚШ Украина учун ажратган маблағнинг 96 фоизи сарфланганини айтди:
“Уруш бошланганидан бери Украинага тахминан 60 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилди. Бу маблағлар нафақат хавфсизлик балки иқтисодий ва гуманитар ёрдамни ҳам ўз ичига олади. Биз ажратилган маблағнинг тахминан 96 фоизидан фойдаландик ва ҳарбий ёрдамнинг 90 фоиздан ортиғи сарфланган”
Жон Кирби Украина қарши ҳужуми секин кечаётганини тан олди, бироқ Қўшма Штатлар Украина ўз ҳудудини қайтариб олишига ишонишини билдирди.
"Биз улар ўз ҳудудларини қайтариб олишларига ишонамиз. Можаро бошланганида уларга етарлича баҳо берилмаган", - деди Кирби.