“Бессмертний барак” асосчиси Россияни тарк этди
Сиёсий қатағонлар қурбонларига бағишланган “Бессмертний барак” лойиҳаси асосчиси Андрей Шалаев кучишлатар идоралари таъқиби туфайли Россияни тарк этди. Бу ҳақда “7х7” нашри хабар бермоқда.
Шалаевга кўра, мамлакатдан чиқиб кетишига 19 октябрь куни Тверда унинг полиция томонидан ушлангани сабаб бўлган. Ўша куни у француз журналистларига Твердаги Сталин бюсти ўрнатилган оммавий отув полигонларини кўрсатган эди.
Икки кун ўтиб полиция маҳкамасидан чиқарилган ва Москвага қайтганида ортидан кимдир кузатиб юрганини сезади. Фаол “лойиҳани ва ўзини сақлаб қолиш учун” чет элга чиқиб кетишга қарор қилганини айтган.
70 ёшлик қария Путинни муҳокама қилгани учун жазоланди
70 ёшли қримлик Путинни муҳокама қилгани учун 50 минг рубл жаримага тортилди.
Аннексия қилинган Қримнинг Ленин тумани суди 70 ёшли турғунга Россия армиясини “обрўсизлантиргани” учун (РФ МҲтКнинг 20.3.3-моддаси 1-қисми) 50 рубл жарима солди. Жазо тайинланишига “Нефтяник” озиқ-овқат дўкони ёнида кечган суҳбат асос бўлган. Айтилишича, пенсионер ўшанда Путин ҳақида салбий мазмунда гапирган.
“Жамоатчилик олдида РФ президенти шаънига ножўя гаплар айтган, у одамлар ухлаб ётган вақтда турар-жой биноларини ўққа тутишга ва кундузлари, гавжум пайтда савдо марказларини бомбалашга буйруқ берганини иддао қилган ва ушбу ҳаракатларни терроризм деб ҳисоблайди, Украина ҳудудида ўтказилаётган махсус ҳарбий амалиётга қарши очиқ фикр билдирган”, дейилади суд матбуот хизмати хабарномасида.
Қримликнинг ўзи айбни тан олмаган.
Навалний 22 маротаба жарима изоляторига ташланди
Владимир вилоятидаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колониясида жазо муддатини ўтаётган мухолифатчи Алексей Навалний 22 -марта жарима изоляторига тушди. Бу гал уни 15 суткага қамашди, дея хабар бермоқда сиёсатчининг телеграм-канали.
Навальний жарима изоляторидан чиққанидан сўнг бир сутка ҳам ўтмасдан яна ўша ерга қамалган. Колония ходимлари кун давомида унга нисбатан тўрт марта жисмоний куч ишлатишгани айтилмоқда.
23 октябрда Навальнийнинг ёзув-чизув ашёлари олиб қўйилгани маълум бўлган эди.
Иккинчи ноябр куни Навальнийнинг телеграм-каналида 6-сонли АТМ маъмурияти унинг 15 та хатини тортиб олгани ва биттасини ёқиб юборгани ҳақида хабар пайдо бўлган эди. Сиёсатчига кўра, қамоқхона ходимлари мактубни “темир косада” ёқишган.
Навальний 2023 йил августда экстремистик ташкилот тузишга доир жиноят иши бўйича 19 йил махсус тартибли колонияда қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилинган.
2023 йил октябрда сиёсатчининг адвокатлари Вадим Кобзев, Игор Сергунин ва Алексей Липцерлар ҳибсга олинган.
АҚШ Россияга электроника жиҳозлари етказиб берган тожикистонликни қўлга олди
АҚШ санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Россияга электроника жиҳозлари етказиб бергани учун етти нафар жисмоний шахсга ва уч ширкатга нисбатан чекловлар жорий қилди. Савдо вазирлиги тизимига кирувчи АҚШ саноат ва хавфсизлик бюроси пресс-релизида маълум қилинишича, 31 августда 37 ёшли Николай Гольцев, 32 ёшли Кристина Пузирёва, шунингдек 52 ёшли Салимжон Насриддинов ҳибсга олингани маълум бўлган эди. Улар Россияга сохта ширкатлар орқали 7 млн доллардан ортиқ қийматдаги электроника жиҳозларини етказиб беришни ташкил қилиш мақсадида ноқонуний тил бириктиришда айбланмоқда.
Айбланувчилар ўзлари Россияга етказиб бераётган электроника ҳарбий мақсадларда қўлланиши мумкинлигини билганлар.
52 ёшли Салимжон Насриддинов Тожикистонда туғилган. У АҚШдаги тожик диаспораси орасида таниқли одам бўлиб, Бруклиндаги “Тандури” ресторани соҳибидир. Шунингдек, Насриддинов АҚШдаги тожик мигрантларига кўмаклашувчи “New Tajik Generation” (Тожикларнинг янги авлоди) ташкилоти асосчиларидан бири ҳисобланади.
Насриддинов АҚШга қачон кўчиб боргани номаълум, бироқ у 90-йиллар ўрталаридан бери Россияда яшаб ва ишлаб келаётганди.
Журналистлар маълумотига кўра, у Тожикистондаги Роғун электр станцияси қурилиши учун жиҳозлар харид қилиш ва жўнатишда иштирок этган.
2000-йилларда Насриддинов номида Москва шаҳрида бир нечта квартира ва Москва вилоятида иккита участка бор эди. Ўша пайтлар у улгуржи савдо ва қурилишга ихтисослашган иккита ширкат таъсис қилган.