Путин Доғистондаги антисемит тўполонларида Украинани ва “Ғарб махсус хизматлари агентураларини” айблади
У Махачқала аэропорти ишғолига бағишланган йиғилишда шундай фикр билдирган.
“Махачқалада кеча оқшом бўлган воқеалар жумладан ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилган бўлиб, бунда Украина ҳудудида ҳаракат қилаётган Ғарб махсус хизматлари агентураларининг ҳам қўли бор. <…> Гўё Исроил фуқаролари учун қайғураётганлар ўз махсус хизматлари Украинада нима иш билан шуғулланаётганини тафтиш қилсалар ёмон бўлмасди, ҳолбуки уларнинг агентуралари Россияда фитна чиқаришмоқда. Маразлар. Уларни бошқа сўз билан таърифлаб бўлмайди!” - деди Путин .
Путиннинг фикрича, Фаластинга “ушбу фожиа ортида турганларга қарши”, яъни Украинага қарши “курашиш билангина ёрдам бериш мумкин”:
“Биз – Россиямиз ва махсус ҳарбий амалиёт доирасида улар билан курашяпмиз. Ҳам ўзимиз учун, ҳам ҳақиқий ва чинакам озодликка интилаётган бошқалар учун. Бироқ чиндан ҳақиқат ва адолатни ҳимоя қилаётлар, Ғарб рағбатлантираётган ёвузлик ва зулмга, ирқчилик ва неонацизмга қарши курашаётганлар бугун фронтда – Донецкда, Авдеевкада, Днепрда жанг қилишмоқда. <…> Ҳақиқий эркаклар, асл жангчилар бугун Россия тақдири, нафақат Россия, балки бутун дунё, жумладан Фаластин халқи тақдири ҳал этилаётган жойда бўлишлари керак”.
Кремлда бўлиб ўтган йиғилишда Россиянинг бутун раҳбарияти иштирок этган.
29 октябр оқшомида Махачқалъа аэропортида антисемит намойиши бўлди. Бир неча юз киши аэропорт биносига ёпирилиб кирди ва Тел-Авивдан келган рейс йўловчилари орасидан яҳудийларни излаб учиш майдонига ўтди. Доғистон раҳбари Сергей Меликов “кечаги воқеаларга прецедент бўлган қатор фактлар бўйича” жиноят ишлари қўзғатилганини билдирди.
Украина президенти Владимир Зеленский Россияда содир бўлган яҳудийларга қарши тартибсизликларга тўхталди
Москванинг нафрат билан тўлган мафкуравий пойдевори энди «стратегик» ғалаба қозонишга қодир эмаслигини кўрсатади дея таъкидлади Зеленский.
"Биз Россиядаги тизимни холисона баҳолашимиз керак. Улар Украинада қўлга киритган нарсаларини йўқотмаслик учун бор кучларини сафарбар қилиш билан бирга ўз ҳудудларини нафрат ва деградация билан ифлослантиришди. Бу йил иккинчи марта Россияда назорат йўқолаётганига гувоҳ бўляпмиз. Агар қўзғолончилар Москвага йўл олса ва уларни ҳеч ким тўхтатмаса ҳамда Доғистонда вертикал ҳокимият парчаланса ҳақиқий тўс-тўполон содир бўлади", деди Украина президенти.
«Буларнинг барчаси Россия ҳозирча ҳарбий ҳаракатларни давом эттириши ва фронт чизиғида босимни кучайтириши мумкинлиги, лекин стратегик жиҳатдан бу қарама-қаршиликка дош бера олмаслигидан далолат беради», — деди Владимир Зеленский
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков тартибсизликларда "ташқи кучлар”ни айблаб, ғаразли ниятлилар Ғазодаги можародан фойдаланиб, одамларни қўзғаганини айтди. Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Украинани «провокация»ни ташкиллаштиришда айблади.
Киев буни рад этди.
Макаревич Ўзбекистондаги концертини бекор қилди
Машина времени” гуруҳи лидери Андрей Макаревич Ўзбекистонда, Қозоғистонда ва Қирғизистонда унинг концертларини уюштираётганларга таҳдидлар бўлаётганини айтди.
Қўшиқчининг айтишича, бу унинг ҲАМАС билан урушда Исроилни қўллаб-қувватлаётгани билан боғлиқ.
“Сизлар томонга яна бормоқчи эдик. Аммо қандайдир кишилар концерт ташкилотчиларини таҳдидлар билан кўмиб ташлашди. Бунга Исроилни урушда қўллаганим сабабли шундай бўлаётганга ўхшайди. Мен ўзим яшаётган давлатни қўллаб-қувватлаяпман. ҲАМАС бу ислом эмас”, деди мусиқачи.
Макаревичнинг концертлари Тошкентда 27 ноябрда, Бишкекда 29 ноябрда, 1 декабрда Олмаотада ва 3 декабрда Остонада ўтиши режалаштирилган.
Маск Ғазодаги алоқа тармоқларини қўллаб-қувватлайди
Илон Маск Старлинк Ғазодаги «халқаро тан олинган ёрдам ташкилотлари» билан алоқа тармоқларини қўллаб-қувватлашини айтди.
Илон Маск Тesla ва SpaceХ бош директори X платформасида бундай ёзди:
"Ғазодан ҳеч бир терминал бизнинг сунъий йўлдошлар билан алоқа ўрнатишга уринмади. СпаcэХ халқаро миқёсда тан олинган ёрдам ташкилотлари билан минтақани интернет билан таъминлашни қўллаб-қувватлайди".
Исроилнинг ҳаво ҳужумларини кучайтириши ортидан Ғазо аҳолиси бир неча кун телефон ва интернетсиз дунёдан узилиб қолди.
Халқаро гуманитар ташкилотлар электр энергиясининг ўчиши Ғазодаги шундоғам мураккаб вазиятни янада ёмонлаштираётганини айтмоқда.