Константиновкага авиация зарбаси
Константиновкада Россия авиациясининг тунги ҳужумларидан кейин бино қисман қулаб тушди.
Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
Зеленский АҚШга ёрдам учун миннатдорлик билдирди
Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ президенти Жо Байден билан мулоқот қилиб унга ёрдам учун миннатдорлик билдирди.
"Мен ҳозиргина президент Жо Байден билан гаплашдим. Ҳар доимгидек, суҳбат мазмунли бўлди. Байден ғалаба қозонишимиз учун қанча зарур бўлса, шунча қўллаб-қувватлашини билдирди. Президент Байден, АҚШ Конгресси ва бутун Америка халқидан қоидаларга асосланган халқаро тартибни ҳимоя қилиш ва дунёни бирлаштиришдаги ёрдами ва етакчилиги учун миннатдорман. Украиналиклар террордан ҳимояланишда кучли бирлик қанчалик муҳимлигини билишади", деди Владимир Зеленский.
Зеленский Байден билан АТАCМS ракеталари Украинани «босқинчилардан озод этилиши»ни тезлаштиришдаги иштироки ҳақида ҳам гаплашганини қўшимча қилди.
Оқ Уй 17 октябр Киевга АТАCМS ракеталарини етказиб берганини маълум қилганди.
Жо Байден Исроил ва Украинанинг муваффақияти "Америка миллий хавфсизлиги учун жуда муҳим" эканлигини айтди
У икки давлат учун Конгрессдан миллиардлаб доллар ҳарбий ёрдам сўрашга тайёрланар экан АҚШнинг Украина ва Яқин Шарқдаги можарога тобора чуқурроқ аралашувига ишора қилмоқда.
Байден агар халқаро тажовуз давом этишига йўл қўйилса, «можаро ва тартибсизлик дунёнинг бошқа қисмларида тарқалиши мумкин»лигини айтди.
"Америка етакчилиги дунёни ушлаб турадиган омил. Америка иттифоқлари Америка хавфсизлигини таъминлайди. Бошқа давлатлар билан ишлаш Америка қадрияти. Агар биз Украинадан узоқлашсак, Исроилдан юз ўгирсак буларнинг барчасини хавф остига қўямиз. Шунинг учун ҳам эртага Конгрессга шошилинч буджет сўровини юбораман, чунки Американинг миллий хавфсизлигини молиялаштириш учун Исроил ва Украинани қўллаб-қувватлаш керак. Бу ақлли сармоядир. Американинг келажак авлодлари хавфсизлиги учун сармоя”, деди АҚШ президенти.
Байден келгуси йил учун тахминан 100 миллиард долларлик молиялаштиришни сўраши кутилмоқда. Бу маблағ Украина, Исроил, Тайван ҳамда гуманитар ёрдам ва чегара бошқаруви учун йўналтирилади, деди таклиф лойиҳасидан хабардор манбалар.
Байден бу масалаларнинг барчасини бир қонун лойиҳасида бирлаштириш орқали Конгресс таклифни маъқуллашига умид қилмоқда. Байден бир кун олдинги Исроилга ташрифида Ҳамасга қарши курашда Исроил билан бирдамлигини айтиб, Ғазо секторидаги фаластинликларга кўпроқ гуманитар ёрдам кўрсатишини билдирди.
Байден мурожаатидан олдин Украина президенти Владимир Зеленский билан гаплашиб, АҚШ Киевни қўллаб-қувватлашга содиқ эканини тасдиқлаган.
2073 йилда 290 млн россиялик?!
ЛДПР партияси раҳбари Слуцкий 2073 йилга бориб россияликлар сони камида 290 миллион бўлиши кераклигини таъкидлади.
"Президентнинг чақириғига биноан биз яқин 50 йил ичида Россия аҳолисини икки баравар оширишимиз керак", деди Слуцкий.
Айни пайтда, Россия Федерацияси Меҳнат вазирлиги ногирон деб тан олинган “махсусс операция” иштирокчиларининг ярмидан кўпи оёқ-қўллари ампутация қилинганлигини хабар қилди. “80% ҳолларда биз оёқлар ҳақида гапирамиз”, деди Меҳнат вазири ўринбосари Алексей Вовченко Федерация Кенгашида СВО иштирокчиларини ҳар томонлама реабилитация қилиш бўйича давра суҳбатида.