Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2025, Тошкент вақти: 21:12

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

17:51 15.10.2023

Ўлими очиқ манбалар орқали тасдиқланган сафарбарлик асосида урушга олинган Россия аскарларининг 30 фоизи Украина қарши ҳужуми чоғида ҳалок бўлган – Би-би-си

Ўлими Би-би-си ҳамда “Медиазона” томонидан тасдиқланган 4 029 нафар россиялик сафарбар қилинган аскарлардан 1 205 нафари 2023 йил биринчи июндан 12 октябргача даврда ҳалок бўлган. Ушбу саналар Украина қарши ҳужуми саналарига тўғри келади.

Би-би-си урғулашича, бу сафарбар қилинган аскарлар ўлимини ҳисоблашнинг энг консерватив усулидир, чунки унда фақат очиқ манбалар орқали тасдиқланган ўлимларгина ҳисобланган.

Журналистлар ва волонтёрлар жамоаси Украинага тўлақонли босқин чоғида ҳалок бўлган жами 34 412 нафар россиялик ҳарбий исмларини аниқлашга муваффақ бўлишди.

Ушбу маълумотларга кўра, тасдиқланган ўлимларнинг знг кўпи маҳкумлар ва сафарбар қилинганлар ҳиссасига тўғри келади.

Аввалроқ Conflict Intelligence Team мутахассислари Россияда сафарбарлик доирасида камида 123 та янги ҳарбий қисм ташкил қилинганини аниқлашган эди.

Сафарбарлик бўйича хизматга олинганлар қайси қисмга тушганидан қатъи назар, сафарбар қилинган кунидан ўртача икки ҳафта ўтиб фронтга йўлланган.

17:49 15.10.2023

Россия армияси Лиман ва Купянск йўналишларида фаол ҳужум бошлади

Бу ҳақда Украина ҚК Қуруқлик қўшинлари қўмондони генерал-полковник Александр Сирский маълум қилди.

“Сўнгги кунларда Купянск ва Лиман йўналишларида вазият хийла кескинлашди. Катта талафот кўрган душман икки ой ичида ўзини тиклаб, Луганск вилоятининг Макеевка туманида, сўнгра Купянск йўналишида қайтадан ҳужум бошлади. Оғир жанглар давом этмоқда”, деди генерал.

Сирский қўшимча қилишича, россияликлар ушбу ҳудудларда зирҳли техника кўмагида штурмчи гуруҳлар билан ҳар куни ўнлаб ҳужумлар уюштиришмоқда, миномёт ва артиллериядан сидирғасига ўт очишмоқда.

Украина армияси Қуруқлик қўшинлари қўмондони фикрича, Россия – мазкур ҳудудда мудофаада турган украин қўшинларини тор-мор этишни ва Купянскни қуршовга олиб, Оскол дарёси бўйидаги марраларга чиқишни мақсад қилган.

15:55 14.10.2023

Трамп тарафдори ва Украинага ёрдам кўрсатишга қарши сиёсатчи АҚШ Конгресси спикерлигига номзод

Трамп тарафдори ва Украинага ёрдам кўрсатишга қарши бўлган шахс АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери лавозимига номзод қилиб кўрсатилди.

Республикачи конгрессменлар АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери лавозимига бир неча бор Украинага ҳарбий ёрдамга қарши овоз берган Доналд Трамп тарафдори Жим Жордан номзодини илгари сурди.

АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси 3 октабрдан бери спикерсиз қолмоқда,

Республикачилар партияси фракцияси бироз кўпчилик овоз билан Кевин МакКартини истеъфога чиқаришганди.

Спикерсиз Вакиллар палатаси боши берк кўчага кириб қолди, чунки Яқин Шарқда уруш авж олмоқда, Россия Украинага зарба беришда давом этмоқда. Ҳукумат Конгрессдан қўшимча маблағ олмасдан, 17 ноябрга қадар қисман молиясиз қолиши кутилмоқда.

15:50 14.10.2023

Россия Авдеевкани қуршовга олиш пайида

Украина Қуролли кучлари Бош штабининг шанба эрталабки ҳисоботида айтилишича, украина бўлинмалари кун давомида Авдеевка йўналишида душманнинг 20 га яқин ҳужумини қайтарган.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда Россия армияси Авдеевка ҳудудида кўп сонли пиёда ва ҳаво кучларидан фойдаланган ҳолда ҳужумларни кучайтирган.

Умуман олганда, ҳисоботда айтилишича, Украина қўшинлари Украинанинг шарқи ва жанубида мудофаани ушлаб туришда давом этмоқда, бир вақтнинг ўзида Мелитопол ва Бахмут йўналишларида олдинга силжишга ҳаракат қилмоқда.

14 октабр куни Россия Мудофаа вазирлиги Қора денгиз устида Краснодар ўлкаси соҳиллари яқинида иккита дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди.

Аввалроқ Сочи ва унинг атрофидаги ҳудудлар аҳолиси портлашлар ҳақида гапириб, бир нечта видеоларни чоп этган эди.

Уларга кўра, Олимпия боғи яқинида ва ҳатто Сочи марказида портлаш овозлари эшитилган.

Россия қўшинлари Херсон вилоятининг Берислав шаҳрини яна ҳужумга тутди, бир аёл ҳалок бўлди.

Маҳаллий вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Александр Прокудиннинг айтишича, отишма 14 октабр куни эрталаб соат 6 ларда содир бўлган.

Хусусий уй вайрон бўлган, вайроналар остидан 60 ёшли маҳаллий фуқаро жасади топилган.

Украина қуролли кучлари Запорожье вилоятида муваффақиятга эришган.

Мелитопол мери Иван Федоровнинг айтишича, Украина Қуролли кучларининг 128-ҳужум бригадаси бўлинмалари танклар ёрдамида Россия бўлинмаларини Запорожье вилояти Копанов яқинидаги олдинга силжиш позицияларидан сиқиб чиқара олган.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг DW нашрига берган интервюсида Владимир Зеленскийнинг Яқин Шарқдаги можаро Ғарбни Украинадан чалғитиши мумкинлиги ҳақидаги сўзларига изоҳ берди:

Президент Зеленский НАТО штаб-квартирасида АҚШ бошчилигидаги Украина бўйича контакт гуруҳи доирасидаги йиғилишда иштирок этди. НАТО давлатлари эса, ҳа, биз дам олиш кунларида Исроилга қилинган террор ҳужумининг шафқатсизлигидан хавотирдамиз ва, албатта, ҳайратдамиз. Аммо бу бизнинг қобилиятимизни, тайёрлигимизни ва Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш қароримизни бузмайди. Ва бу нафақат сўзда, балки амалда ҳам намоён бўлади. , деди Столтенберг.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG