Эстония ҳукумати Россиянинг “музлатилган” активларини Украинага топширади
Эстония ҳукумати Россиянинг “музлатилган” активларидан Украинани тиклашда фойдаланишгадоир қонун лойиҳасини маъқуллади
Эндиликда қонун лойиҳасини Эстония парламенти кўриб чиқиши керак.
“Биз бундай қонун-қоидаларни ўрнатишда Европадаги бошқа мамлакатларга намуна ва ибрат бўлишимиз лозим. Россия уруш натижасида Украинага етказган бутун зарарни қоплаши шарт”, деди Эстония бош вазири Кая Каллас.
Ўз навбатида, Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна ҳам Россия Украинага етказган зарар ўрни фақат бошқа мамлакатлар солиқ тўловчилари ҳисобидан қопланмаслиги кераклигини урғулади.
Бугунги кунда Эстонияда Россиянинг халқаро санкцияларга асосан музлатиб қўйилган қарийб 38 миллион евролик активлари мавжуд.
"Хорижий агентлар"га қарши плакатлар Арбатга осилди
Москва марказида, Арбат мавзесида номаълум кимсалар ҳукумат томонидан “хорижий агент” деб топилган, шунингдек Украинага босқинни қоралаган ва мамлакатни тарк этган россияликларнинг агрессив руҳий касалларга кийдириладиган махсус кўйлакда тасвирланган суратларини ёпиштириб кетишди.
“Осторожно, Москва” телеграм-канали бу ҳақда видео ёйинлади.
Суратлар мавжуд бўлмаган руҳий касалликлар шифохонасининг рекламаси сифатида осилган. Плакатларда Путин сиёсатига қарши чиққан “Ногу свело!” гуруҳи лидери Максим Покровский, хонанда Монеточка, актёрлар Артур Смольянинов, Дмитрий Назаров, Алексей Панин ҳамда видеоблогер Александр Шпаклар тасвирланган бўлиб, сурат тагидаги матнда уларни “русофобия”, “ортиқча сўзамонлик” ва “шахс деградацияси”дан даволаш кераклиги айтилади.
Қайд этилишича, коммунал хизматлар ходимлари плакатларга тегишмаяпти.
Рамзан Қодиров Қуръонни ёқишда гумон қилинаётган Никита Журавел билан учрашди
Чеченистон раҳбари ўз телеграм-каналида Қуръонни ёқишда айбланаётган Никита Журавел билан “учрашуви” акс этгани айтилаётган видеони эълон қилди.
Қодиров Журавелни “Украина хавфсизлик хизмати жосуси” деб атаркан, у “бундай суҳбатга тайёрланганини ва Исломни қабул қилишга тобора яқинлашаётгани ҳақидаги сўзларни такрорлаб юргани” ҳақида ёзган.
Видео ўрталарида Журавел бошини қуйи солганча полга тикилиб тургани кўринади. У тутилиб гапиради ва: “Исломни ўрганиш, ҳеч бўлмаганда ўрганишга уриниб кўриш керак”, дейди. Қаршисида ўтирган Қодиров эса бунга жавобан: “Сен бу гапни чин юракдан айтмаяпсан. Кўзларинг бошқа ёққа қараяпти”, дейди.
16 август куни омбудсмен Татьяна Москалкова Никита Журавелдан ариза тушганини, унда Қодировнинг 16 ёшли ўғли Адам томонидан калтаклангани ҳақида маълум қилганини билдирган эди. Йигитчанинг отаси эса Журавелнинг дўппосланиши видеосини эълон қилиб, ўғлидан фахрланишини айтди. Воқеадан бир ҳафта ўтгач Адам Қодиров Чеченистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланди.
Қуръонни ёқишда айбланаётган Никита Журавел иши бўйича биринчи суд мажлиси 13 октябрга қолдирилди. Айбланувчи ҳозирда қандай аҳволдалиги номаълум бўлиб қолмоқда.
Халқаро олимпия қўмитаси Россия олимпия қўмитаси фаолиятини таъқиқлаб қўйди
Россия олимпия қўмитаси Украинанинг аннекция қилинган тўрт ҳудуддаги минтақавий ташкилотларни тан олгани учун Халқаро олимпия қўмитаси Россия олимпия қўмитаси фаолиятини таъқиқлаб қўйди.
ХОҚ Россия Луганск, Донецк, Херсон ва Запорожье вилоятлари Олимпия кенгашларини тан олганидан сўнг РОҚ ХОҚдан маблағ олиш ҳуқуқига эга бўлмаслигини қўшимча қилди.
“Россия Олимпия қўмитаси 2023 йил 5 октабр куни Украина Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) тасарруфидаги (Донецк, Херсон, Луганск ва Запорожье) олимпия ташкилотларини ўз аъзолигига киритиш тўғрисида бир томонлама қарор қабул қилди. Бу Олимпия Хартиясини бузиш ҳисобланади. Чунки бу Олимпия Хартиясига мувофиқ тан олинган Украина МОҚнинг ҳудудий яхлитлигини бузади.Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ХОҚ бугун шундай қарорга келлди: Биринчидан; Россия Олимпия Қўмитаси фаолияти муайян муддатга тўхтатилади; Иккинчидан; Россия Олимпия қўмитаси Олимпия Хартиясида белгиланганидек, энди Миллий Олимпия қўмитаси сифатида ишлаш ҳуқуқига эга эмас ва Олимпия ҳаракати томонидан молиялаштирилмайди", деди Марк АДАМС, ХОҚ матбуот котиби.
15-17 октябрь куни Мумбайда ХОҚ ижроия кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади. Мазкур қарор россиялик ва беларуслик спортчиларнинг Париж-2024 Олимпиадасида иштирок этиши бўйича ХОҚ кейинчалик қабул қиладиган қарорларга таъсир қилмайди.
«РОҚ фаолиятини тўхтатиб қўйиш мустақил спортчиларнинг иштирокига таъсир қилмайди», деди ХОҚ матбуот котиби Марк Адамс.