Бишкекда рус тилини қўллаб-қувватлаш ташкилотини тузиш эълон қилинди
Бишкекда МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Унда рус тилини қўллаб-қувватлаш ташкилотини тузиш эълон қилинди.
Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида ташкилотга кузатувчи ва ҳамкор давлатлар тоифаларини шакллантиришни таклиф қилди.
Учрашувда томонлар 13 октябрь куни давлат раҳбарларига тақдим этиладиган маъруза учун келишилган ҳужжатлар лойиҳаларини ҳам кўриб чиқдилар.
Рўйхатда:
Диний эркинликни қўллаб-қувватловчи баёнот,
Рақамлаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги баёнот,
рус тилини миллатлараро мулоқот тили сифатида қўллаб-қувватловчи баёнот.
“Охирги масала бўйича, рус тили бўйича халқаро ташкилотни ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжат тасдиқланди, у дунёнинг исталган давлати, шу жумладан МДҲга кирмайдиган давлатлар учун ҳам очиқ бўлади”, деди Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
Эслатиб ўтамиз, МДҲ шафелигида рус тилини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш бўйича халқаро тузилмани яратиш таклифи ўтган йили Қозоғистон раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан илгари сурилганди.
Россия президенти Владимир Путин 12 октябрда расмий сафар билан Бишкекка борди
Путин ҳамкасби Садир Жапаров билан музокаралар ўтказади ва 13 октябрда Бишкекда ўтадиган ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашадиган МДҲ президентлари саммитида иштирок этади.
Бу Ҳаагадаги халқаро жиноят суди Путинни ҳибсга олишга ордер берганидан буён унинг хорижга илк сафаридир.
Горловка ва Донецк ўртасидаги автомобил йўли портлатилди
Бу кадрларда эса Украина қуролли кучлари Горловка ва Донецк ўртасидаги автомобил йўлидаги кўприкни вайрон қилгани акс этгани айтилмоқда.
Украина тарафига кўра, бу Авдиивка бўйлаб ҳаракатланаётган рус қўшинларининг моддий-техник таъминотини мураккаблаштиради.
Washington Post: Ғарбда музлатиб қўйилган Россия активлари Украинага берилади
АҚШ маъмурияти Россия марказий банкининг Ғарбда музлатиб қўйилган активларидан Украинага ёрдам кўрсатиш учун фойдаланишга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтирди.
Washington Post нашрига кўра, Киевни қўллаб-қувватлаётган АҚШ ва Европа Иттифоқининг кўплаб давлатлари сўнгги пайтларда Украинага ёрдам бериш учун янги маблағ ажратишда тобора жиддий тўсиқларга дуч келмоқда. Мутахассислар фикрича, Россия Марказий банкининг ўтган йилнинг феврал ойидан буён музлатилган маблағларининг мусодара қилиниши ушбу муаммони ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин.
Кремл ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқиндан кейин Ғарб давлатларининг турли банк ҳисобларида Россиянинг қарийб 300 миллиард доллар маблағлари музлатиб қўйилган. Шу билан бирга, АҚШдаги ҳисобварақларда русларнинг атиги 5 миллиардга яқин маблағи борлиги тахмин қилинмоқда. Россия захираларининг асосий қисми Европада ва дунёнинг бошқа мамлакатларида музлатилган.