Украина разведкаси: Россия Исроилдаги воқеалар баҳонасида Украинани ёмонотлиққа чиқармоқчи
Украина разведкаси Россия Исроилдаги воқеалар баҳонасида Украинани ёмонотлиқ қилмоқчи, деган баёнот билан чиқди.
Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси баёнотида, жумладан, бундай дейилади:
“Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси (РББ) маълум қиладики, Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида ўлжа қилиб олинган АҚШ ва ЕИ мамлакатларида ишлаб чиқарилган қуролларни ҲАМАС террорчиларига берган. Кейинги қадам – Украина ҳарбийларини мунтазам равишда Ғарб қуролларини террорчиларга сотишда айблаш бўлади. Ушбу фейклар Кремлнинг дезинформация кампанияси доирасида Ғарб ОАВларида чоп этилажак “фош қилувчи мақолалар” ва “суриштирувлар”га асос бўлиб хизмат қилади”.
Разведкачиларга кўра, мазкур провокацияда Россия томонга қочиб ўтган собиқ украин зобити Руслан Сиров иштирок этган бўлиши мумкин.
Украина тарафи Исроил-Фаластин можаросидан Кремл ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётганидан жамоатчиликни огоҳлантириб келмоқда.
Жангарилар Украина ва Ғарб қуролларидан фойдаланаётгани ҳақидаги хабарлар, чунончи, Кремлга оид Mash телеграм-канали томонидан тарқатилмоқда. Куни кеча ушбу канал фаластинликлар асосан Украинада ишлаб чиқариладиган “Стрела-2” номли зенит қуроллари билан урушаётганини, ЦАХАЛ аскарлари бир жангари гуруҳ омборида Украина ҳарбий бўлинмаларидан бирида тамғаланган РПГ-7 снарядларини топишганини иддао қилди.
Полша президенти: Яқин Шарқдаги вазият дунё эътиборини Украинадаги урушдан чалғитмоқда
Полша президенти Анжей Дуда Яқин Шарқдаги вазият дунё эътиборини Украинадаги урушдан чалғитмоқда, дея баёнот берди.
Бу ҳақда Полша президенти Polsat News нашрига берган интервюсида айтиб ўтди.
"Бу, сўзсиз, Россия ва Россиянинг Украинага қарши тажовузи учун фойдалидир, бу дунё эътиборини чалғитмоқда. Яқин Шарқдан Европага келаётган муҳожирларнинг яна бир тўлқини бизда бўлиши мумкин. Хавфсизлигимиз, Полша Республикаси чегараларини, Европа Иттифоқи ва Шенген ҳудуди чегараларини ҳимоя қилиш масаласи янада муҳим аҳамият касб этмоқда", деди Полша президенти Анжей Дуда.
Полша раҳбари ҳукумат Яқин Шарқдаги вазиятни ўз манфаатлари нуқтайи назаридан кузатиб боришини билдирди.
Зеленский Исроилда икки украиналик ўлдирилганини тасдиқлади
Украина президенти Владимир Зеленский якшанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху билан Исроил-ХАМАС можароси ҳақида ҳам сўзлашгани, зўравонликлар натижасида икки Украина фуқароси ҳалок бўлганини тасдиқлади.
У минтақадаги барча Украина фуқароларини эҳтиёт бўлишга ва Исроил хавфсизлик кучлари кўрсатмаларига амал қилишга чақирди.
Ҳозирча жанговар ҳаракатлар кетаётган ҳудудда жабрланганлар орасида Ўзбекистон ватандошлари бор-йўқлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Россия Херсон аҳолисини яна бомбардимон қилди
Россиянинг Херсон вилоятига қилган навбатдаги ҳужуми оқибатида ўнлаб одамлар, жумладан, 27 ёшли аёл ва унинг 9 ойлик қизи яраланди. Бу ҳақида вилоят губернатори ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.
«Херсон вилояти яна бир даҳшатли тунни бошдан кечирди», деб ёзди Олександр Прокудин.
Маҳаллий аҳоли бир неча портлаш овозини эшитганини айтди.
Ҳужум натижасида уйлар, автомобиллар ва газ тақсимлаш тармоқларига зарар етган.
Унинг сўзларига кўра, 11 киши жароҳатланган, бир тиббиёт ходими ҳам касалхонага ётқизилган.