Арманистон Тоғли Қорабоғни Озарбайжон таркибида тан олди
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Европа сиёсий ҳамжамиятининг Гранада (Испания) саммити доирасида Озарбойжоннинг 86,6 минг кв.км. ҳудудини тан олиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Бу ҳақда Европа Кенгаши пресс-релизида айтилади. Озарбайжоннинг бу ҳудуди Тоғли Қорабоғ ерларини ўз ичига олади.
Декларация Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел, Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шолц ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян томонидан имзоланган.
"Томонлар Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши, суверенитетни, чегаралар ва Арманистон ҳудуди (29 800 кв.км.) ва Озарбойжон ҳудуди (86 600 кв.км.) дахлсизлигини тан олиш тарафдори", дейилади Декларацияда.
Озарбойжон раҳбари Илҳом Алиев саммитда иштирок этмади. Озарбойжоннинг APA агентлиги дипломатик манбага таяниб, томонлар Туркиянинг саммитда иштирок этишига рухсат бермагани учун Озарбойжон музокарадан бош тортганини хабар қилди.
Reuters: Германияда эса Алишер Усмонов уйларида тинтувлар кетмоқда
Германияда полиция ва божхона ходимлари Алишер Усмоновнинг қатор уйларида тинтув ўтказди, деб хабар берди Reuters.
Bild нашрининг ёзишича, Мюнхен атрофидаги уйларда ва Бавариянинг Роттах-Эгерн коммунасидаги виллада ўтказилган тинтувлар пайтида нархи 140 минг евролик Mercedes Maybach S500, 180 минг евролик Mercedes Brabus фургони, яна бошқа учта автомобил ва қимматбаҳо моддий бойликлар мусодара қилинган. Тинтувнинг бошқа тафсилотлари очиқланмаётир.
Германия полицияси Усмоновни пул ювишга алоқадорликда гумонламоқда. Расман билдирилишича, полиция Усмоновга нисбатан турли банклардан пул ювиш гумони қайд этилган 90 та билдирув олган. Терговчилар Усмоновнинг банк ҳисобларида шубҳали транзакциялар бўлганини аниқлаган.
Ўтган йилнинг сентябрида Федерал жиноят қидирув идораси ва Солиқ хизмати Усмоновнинг Тегернзее кўли атрофидаги виллалари, Франкфурт-Майндаги квартираси ва Бремен портидаги “Дилбар” яхтасида тинтув ўтказган эди. Der Spiegel нашрининг ёзишича, Франкфурт-Майндаги иккинчи суд инстанцияси бу тинтувларни ноқонуний деб топган.
Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан “Путинга яқин бўлган шахслар” сифатида Алишер Усмоновга нисбатан ҳам ғарб санкциялари жорий этилган. Сўнгги марта 2023 йилнинг апрель ойида АҚШ Молия вазирлиги ва Британия ҳукумати Алишер Усмоновнинг USM холдингига нисбатан санкциялар киритган. Ўшанда USM холдингига алоқадорлиги айтилган Ўзбекистондаги “Охангаронцемент” АЖ ва “Akkermann Cement CA” МЧЖ нисбатан ҳам санкция рўйхатига тушган эди.
Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Россиядаги йирик тадбиркорлардан бири Алишер Усмонов Италиянинг Corriere della Sera нашрига берган интервьюсида Путиннинг яқин одамларидан бири” эканини инкор қилди. Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати 2023 йил 5 октябрда Озодликка юборган мурожаатида Германиянинг ҳуқуқ тартибот идоралари ҳаракатларини “янги абсурд айбловларни шакллантиришга уриниш”, деб атади.
- Таъкидлаб ўтамизки, бўлиб ўтган тинтув миллатига шама қилган ҳолда қўрқитиш ва сиёсий таъқибнинг навбатдаги эпизодига ўхшайди ва Германиянинг “Матрёшка” божхона махсус тергов комиссияси номида ҳам англашилади, дейилади хатда.
Forbes журналига кўра, Алишер Усмонов бойлиги камида 14,5 миллиард долларни ташкил этмоқда.
"Енот" - украин талабаси кашф қилган бот
Киев политехника институти талабаси, 22 ёшли Артём Левковский дўстлари билан бирга ғаройиб Telegram-бот яратди. Бот Россия авиацияси ва Қора денгиз флоти жанговар частоталарини автоматик равишда мониторинг қилиб, Украина фуқароларини муҳтамал ракета зарбаларидан огоҳлантиради.
Артём ботни Россия ҳарбийлари Украина жанубидаги босиб олинган ҳудудлардан чекинаётган пайтда Херсон ҳайвонот боғидан ўғирлаб кетган машҳур енотга ишора қилиб “Украин Еноти” деб атаган.
Шавкат Мирзиёев Москвада
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясига расмий ташриф дастурининг иккинчи кунида Москва шаҳрининг Кремлидаги Номаълум аскар қабрига гул қўйди, дея хабар бермоқда “УЗа” ахборот агентлиги.
Кремль деворлари ёнида жойлашган ушбу ёдгорлик Иккинчи жаҳон урушида жанг қилган ва ҳалок бўлган аскарлар хотирасига бағишлаб барпо этилган.
Расмий учрашув давомида Путин Ўзбекистон президентини "Россия-Доғистон муносабатларини яхшилашда иштироки учун" миннатдорчилик билдирди.
Расмий Тошкент Украинадаги уруш бўйича нейтрал позицияни эгаллаганини айтиб келади, аммо Тошкентдаги ғарблик дипломатлар ва кузатувчилар бу “нейтраллик” Киевдан кўра Москвага яқинроқ эканига эътибор қаратади. Уруш бошланганидан буён Шавкат Мирзиёев бирон марта Украинани тилга олмаган, украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан мулоқот ҳам қилмаган ва на давлат байрамлари билан табриклаган ёки бирор фожеа юзасидан ҳамдардлик билдирган.
Шу йилнинг 9 майида Мирзиёев аллақачон Путинга яқин бошқа МДҲ президентлари билан бирга айнан шу ёдгорликка гул қўйган эди.