Одесса вилояти осмонида учта “Шаҳед” дрони уриб туширилди
Маҳаллий маъмурият бошлиғи Олег Кипер сўзларига кўра, Россия армияси чегара ва порт инфратузилмасини нишонга олган. Натижада ғалла омборига шикаст етказилган, тўққизта юк машинаси ёниб кетган. Ёнғин ўчирилган, жабрланганлар йўқ.
Украина ҚК Ҳаво кучлари қўмондонлигига кўра, 6 октябрга ўтар кечаси Россия Украинага 33 та дрон билан ҳужум қилган – улардан 25 таси Одесса, Николаев, Харьков, Днепропетровск, Черкасск ва Житомир вилоятлари устида уриб туширилган.
Харков бомбардимон остида
Бугун эрталаб Россия армияси Харьков марказига зарба бериши натижасида бир ёш бола нобуд бўлди, камида 23 киши жабрланди. Бу ҳақда Харьков вилояти маъмурияти раҳбари Олег Синегубов маълум қилмоқда.
Мулозим айтишича, шаҳарга иккита ракета, дастлабки тахминга кўра – “Искандер”лар билан зарба берилган. Улардан бири йўлнинг қатнов қисмига, иккинчиси эса уч қаватли уйга тушган, натижада уйда ёнғин бошланган.
Россия “фақат фуқаровий инфратузилма объектлари”, жумладан кўп қаватли турар-жой биносини нишонга олди, деб ёзди шаҳар мэри Игорь Терехов. Вайроналар остида ўлган бола 10 ёшда бўлган. Жабрланганлар орасида 11 ойлик гўдак ҳам бор. Харобаларни кўздан кечириш давом этмоқда.
Россия Харковдаги кафе-дўконга ҳужум қилди, 52 киши нобуд бўлди
"60 га яқин киши жабрланди. Улардан 51 нафари ҳалок бўлди, олти нафари яраланди. Қурбонлар орасида саккиз ёшли бола ҳам бор", деди Сергей Болвинов, Харков вилояти бош терговчиси.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони 52 кишига етди.
Рус қўшинлари Харков вилоятининг Гроза қишлоғидаги кафени бомбардимон қилди. Бино буткул вайрон бўлган.
Бу ҳужум 19 ойдан бери давом этаётган урушда Харковга уюштирилган энг қонли ва энг кўп тинч аҳолини ўлимига сабаб бўлган ҳуруж бўлди. Қутқарувчилар ҳудудни тозаламоқда.
Москва Грозадаги ҳужумга изоҳ бермади.
Испанияда Европа етакчилари билан саммитда қатнашаётган президент Владимир Зеленский «Россия террорига чек қўйиш керак», лигини айтди.
ФИФА Россиянинг U-17 терма жамоаларига халқаро турнирларда иштирок этишга рухсат берди
ФИФА Россиянинг 17 ёшгача бўлган аёллар ва эркаклар терма жамоаларига халқаро турнирларда иштирок этишига рухсат берди.
Ўтган ҳафта УЕФА ҳам таъқиқни олиб ташлаб Россия ёшлар терма жамоаларига мусобақаларда иштирок этишга рухсат берган эди.
“Бу жамоалар Россия эмас, балки «Россия футбол иттифоқи» номи остида ўйнаши, ўз байроғи, мадҳияси, миллий терма жамоа либоси ва рамзлари бўлмаслиги ҳамда нейтрал рангларда ўйнаши шарт", дейилади ФИФА баёнотида.
Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Россия терма жамоалари халқаро футболдан четлаштирилган эди. УЕФА Россиянинг барча терма жамоалари ҳамда клублари учун мусобақаларда иштирок этишни тўхтатиб қўйган эди.
Аммо ўтган ҳафта Европа футболи раҳбарияти «болалар фақат катталар зиммасида бўлган хатти-ҳаракатлар учун жазоланмаслиги керак»деган қарорга келди ҳамда Россия U-17 терма жамоасига УЕФА мусобақаларида қатнашишга расман рухсат берди.
Шу билан бирга, Россия футбол терма жамоалари уруш тугагунига қадар турнирларда қатнашиши мумкин эмас.