“Верстка”: 2023 йил бошидан буён урушдан қайтган “Вагнер” аскарлари камида 27 кишини ўлдирган
2023 йил бошидан буён, Украинага қарши урушдан қайтган Россия ҳарбийлари ва “Вагнер” ХҲШ ёлланма аскарлари камида 20 та жиноятга алоқадорликда айбланган, бу жиноятларда 27 киши ўлган, деб ёзмоқда “Верстка” нашри.
“Вагнер” ХҲШ собиқ жангчилари алоқадор жиноятларда 19 киши қурбон бўлгани айтилади. Ҳозирча камида битта ҳолатда суд айблов ҳукми чиқарган: 34 ёшли Сергей Руденко қотиллик ва ўғирлик учун 11,5 йилга қамалган.
“Верстка” октябрь ойининг дастлабки уч кунидаёқ иккита жиноят содир этилганини урғулайди. Липецкда собиқ “вагнерчи” тўрт яшар ўгай қизини ўлдирганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган бўлса, Краснояр ўлкасида Денис Степанов (у ҳам “Вагнер” ХҲШ таркибида Украинада урушган) ичида икки аёл бўлган уйни ёқиб юборгани учун ушланган.
Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг “Вагнер” ХҲШ Россия қамоқхоналарида маҳкумларни урушга ёллай бошлади, улар орасида одам ўлдириш, талончилик, жинсий тажовуз каби оғир жиноятлар учун судланганлар ҳам бор эди. Украинага қарши урушга боришга розилик бериши учун маҳкумларга мўмай пул ва ярим йилдан сўнг афв этиш ваъда қилинган.
Шу йўл билан айнан қанча маҳкум ёлланганига доир расмий маълумот йўқ. Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) ўтган йили маҳкумлар сони қарийб 30 минг нафарга камайганини билдирган эди. “Рус сидяшчая” фонди раҳбари Ольга Романова эса “Вагнер” ХҲШ 50 минггача маҳкумни урушга олиб кетган бўлиши мумкинлигини айтган. 2023 йил июнда ХҲШ асосчиси Евгений Пригожин 32 минг нафар собиқ маҳкум уйига қайтганини маълум қилган.
Украина ЕИга кирган тақдирда 186 млрд евро олиши мумкин
Евроиттифоққа аъзо бўлиш Украинага унинг бюджетидан кейинги 7 йил мобайнида қарийб 186 миллиард евро олиш ҳуқуқини беради. Европа иттифоқи ички тадқиқотида шу ҳақда сўз боради, деб ёзмоқда ҳужжат билан танишиб чиққан Financial Times нашри.
Шу тариқа Украина ЕИ бюджетидан энг кўп маблағ олган мамлакат бўлиши мумкин. Сабаби, Украина Евроиттифоққа қўшилгач унинг энг камбағал аъзоси ва ЕИ таркибидаги энг йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлат бўлади.
Амалдаги қоидаларда энг камбағал аъзоларга Ҳамжиҳатлик фонди (ҲФ)дан тўловлар тўлаш ва мамлакатларга Ягона қишлоқ хўжалиги сиёсати (ЯҚХС) доирасида маблағлар ажратиш кўзда тутилган бўлиб, бу пулларнинг катта қисми тўғридан-тўғри фермерларга берилади. Натижада Украина ҲФдан 61 млрд евро ҳамда ЯҚХС бўйича 96,5 млрд евро – фақат шу икки банд бўйича жами 157,5 миллиард евро олиши мумкин. Бундай тақсимот баъзи мамлакатлар бюджет реципиентларидан бюджет донорларига ёки “нетто-тўловчилар”га, яъни бюджетга кўп пул қўйиб, кам олувчи мамлакатларга айланишига олиб келади.
Оқ уй мусодара қилинган Эрон ўқ-дорилари Украинага юборилганини тасдиқлади
Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пернинг айтишича, 7,62 мм калибрли ўқлар ҳозир Украинага юборилган.
"АҚШ ҳукумати Украина пиёда қўшинлари учун 1,1 миллион долларлик ўқ-дорилар юборганини эълон қилди. АҚШ Марказий қўмондонлиги, денгиз кучлари бу ўқ-дориларни Эрон Инқилобий Гвардияси томонидан халқаро ҳуқуқ ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2216-резолюциясини бузаётган Ямандаги жангариларга юборилаётган вақтда қўлга олди. Биз Украинани озодлик учун курашида қўллаб-қувватлаш ва Эроннинг минтақада ва ундан ташқарида беқарорлаштирувчи фаолиятини чеклаш учун ҳаракат қилишда давом этамиз. Бу бизнинг мажбуриятимиз ва биз уни бажаришда давом этамиз,- деди Карин Жан-Пер, Оқ уй матбуот котиби.
7,62 мм калибрли ўқ-дорилар Совет давридаги Калашников автоматлари ва унинг кўплаб муқобиллари учун стандарт ҳисобланади.
АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Яқин Шарқдаги 5-флоти ва унинг иттифоқчилари Эрон томонидан Ямандаги ҳусий жангариларига юборилган ўқ-дориларни олиб кетаётган кўплаб кемаларни тутиб олди.
Украин десанти Қримга тушди
Украина Разведка бош бошқармаси (РББ) ўтган кечаси аннексия қилинган Қрим соҳилига десантчилар гуруҳини муваффақиятли туширганини эълон қилди.
РББ ёйинлаган видеода қирғоққа бир қанча гидроскутерлар сузиб келгани ва улардан ҳарбийлар тушгани акс этган.
“Мудофаа вазирлиги РББ Қримга навбатдаги десантни ташлади, Қрим Украинаники бўлади ва кимсасиз жой бўлиб қолади”, дейди видеода ҳарбийлардан бири. Украина разведкаси гуруҳ Россия ҳарбийларига “ўт очиб зарба берган”ини таъкидламоқда.
Айни чоғда Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг Тарханкут бурни яқинига десант ташлашга уриниши барбод бўлганини иддао қилаётир. Вазирлик дастлаб десант ташлашга уриниш ҳаракатлари авиация ёрдамида даф қилинганини билдирди, кейинроқ эса гуруҳдан 13 киши ўлдирилиб, бир киши асирга олинганидан баҳс этди. Россия Мудофаа вазирлиги гўё десантчилар гуруҳи аъзоси бўлган асир сўроқ қилингани акс этган видеони ҳам эълон қилган.