Жо Байден: Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашга қатъий содиқмиз
АҚШ президенти Жо Байден ҳамкор давлатлар, Европа Иттифоқи ва НАТО етакчилари билан Украинага ёрдамни давом эттириш ҳақида гаплашди, дея хабар берди Оқ уй.
"Президент Америка Қўшма Штатларининг Украинани қанча керак бўлса шунча қўллаб-қувватлашга қатъий содиқлигини яна бир бор билдирди ва бошқа раҳбарларни ҳам шунга чақирди. Етакчилар Украина ҳаво мудофасини кучайтирадиган ўқ-дори ва қуроллар билан таъминлашни давом эттириш борасидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилди. Россия қишда Украина инфратузилмасига ҳужум қилишга тайёрланмоқда,” - Жон Карби, Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси.
Мулоқотда Канада, Германия, Италия, Япония, Полша, Руминия, Буюк Британия Франция, шунингдек, НАТО, Еврокомиссия ва Европа Кенгаши раҳбарлари, иштирок этди дейилади Оқ уй баёнотида.
Байден бу мулоқотни Киевнинг Россияга қарши уруш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш сусайиб бораётганидан хавотирлар фонида ўтказди. АҚШ Конгресси ҳукуматни вақтинча молиялаштириш қонун лойиҳасидан Украинага ёрдамни чиқариб ташлади.
Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда Жон Кирби «Украинани қўллаб-қувватлаш миллий хавфсизлигимизни мустаҳкамлайди», дея таъкидлади.
Зеленский фронт яқинидаги вазиятни ўрганди
Украина президенти Владимир Зеленский шарқий фронтга ташриф буюриб, қўмондонлар билан жанг майдонидаги вазиятни муҳокама қилди. Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида Харков яқинига боргани ҳамда Украинанинг қуруқликдаги кучлари қўмондони Александр Сирскийнинг ҳудудий мудофаа ва Бахмут яқинидаги ҳужум ҳаракатлари ҳақидаги ҳисоботини қабул қилиб олганини айтди.
Президент Харковда қишга тайёргарликнинг боришини ҳам муҳокама қилган. Келаётган қишда Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига зарбалари кучайиши кутилмоқда.
Киев қарши ҳужум бошлаганидан бери секин илгарилаётгани айтилади. Зеленский ҳарбий стратегия иш бермаётгани ҳақидаги танқидларни рад этди.
Президент матбуот хизмати тарқатган кадрларда Зеленский ўрмондаги яширин жойларда “Леопард 2” танки ва Швецияда ишлаб чиқарилган “CВ90” жанговар машинасини кўздан кечираётгани акс этган.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров тўнғич қизи Айшатга Чеченистон халқ артисти унвонини берди
Бу ҳақда у ўзининг телеграм-каналида маълум қилди.
Бир кун аввал Қодиров республика ҳукумати раиси Муслим Хучиевнинг Айшат Қодировани ижтимоий блок бўйича Бош вазир ўринбосари этиб тайинлаш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлашини маълум қилганди. Бундай ҳолда, агар отасига бирор нарса бўлса, у республикани бошқариши мумкин.
Рамзаннинг 14 фарзандларидан тўнғичи бўлган Айшат Қодирова 2021 йил октябр ойида Чеченистон маданият вазири этиб тайинланган эди - ўшанда у 22 ёшда эди. Бунгача у бир йил Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. АҚШ, Европа Иттифоқи ва Япония Айшатга қарши санкциялар киритган.
Айшат Қодирова аввалроқ “Фирдавс” модалар уйи раҳбари сифатида ҳам танилган. Ушбу бренд коллекцияларининг тақдимотлари Париж, Дубай ва Москвада бўлиб ўтди.
Қодировнинг бошқа фарзандлари ва унинг яқин ва узоқ қариндошлари ҳам Чеченистонда раҳбарлик лавозимларида ишлайди. Мисол учун, унинг қизи Хадижат Грозний мериясининг мактабгача таълим бўлими бошлиғи бўлиб ишлайди, унинг турмуш ўртоғи Адам Алханов эса Чеченистон бош вазири ўринбосари лавозимида ишлайди. Яна бир қизи 20 ёшли Хутмат Қодирова жорий йилнинг март ойида республика соғлиқни сақлаш соҳасига куратор лавозимига тайинланган эди. Чеченистон раҳбарининг 18 ёшли ўғли Ахмат Қодиров Россия болалар ва ёшлар ҳаракатининг Чеченистон бўлими раҳбари. Рамзаннинг онаси Аймани “Ахмат Қодиров” номидаги жамоат фонди президенти ва “Лайнер-1” компанияси асосчиси.
Қодировлар оиласига тегишли яна бир хабар…
Инстаграм Рамзан Қодировнинг ўғли Адамнинг саҳифасини блоклади. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ у Қуръонни ёқишда айбланган россиялик Никита Журавелни ҳибсхонада калтаклаган эди.
Илон Маск Украина парламентидан жавоб олди
Илон Маск яна қовун тушурди.
“ 5 дақиқа ўтган бўлса-да, сен эса ҳали бир миллиард ҳам ёрдам сўрамаганингдаги аҳволинг”, — дея ўз твитида Зеленскийнинг мана бу масхараомуз суратини жойлаштирди Маск.
Ўша куниёқ Илон Маск Украина Олий Радасидан муносиб жавоб олди:
“ 5 дақиқа давомида Россия пропагандасини тарқатмаганингдаги аҳволинг”.
Рада Ахборот хизмати Тwиттер’да миллиардерга худди шу мемни юборди.
Кейинроқ твит ўчириб ташланган бўлсада, унинг Зеленский ҳақидаги твити тармоқни жунбушга келтирди ва кейинчалик унинг ўзи масхара объектига айланди.
Украина Президент девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Маскнинг твитига бундай жавоб қайтарди:
“Бугунги кунда Украинага оид ҳар қандай сукунат ёки киноя оммавий зўравонлик ва қирғинни оқлайдиган Россия ташвиқотининг бевосита рағбатидир. Афсуски, урушдан минглаб километр узоқликда бўлган ҳатто таниқли шахслар ҳам ҳар куни ўқ узиш ва ота-онасини йўқотаётган болаларнинг ҳайқириқлари нима эканлигини англашга қодир эмас.”