Россиянинг Брянск ва Белгород вилоятларида портлашлар
Россиянинг Брянск ва Белгород вилоятлари расмийлари 30 сентябр куни эрталаб Украина ҳужумлари ҳақида хабар беришди.
"Белгород ва Белгород вилояти устида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга туширилди - ҳаво нишонлари шаҳарга яқинлашганда уриб туширилди", деди вилоят губернатори Вячеслав Гладков.
Кейинроқ Россия Мудофаа вазирлигининг аниқлик киритишича, Белгород вилояти узра Украинадан отилган тўққизта “Ураган” кўп ракета тизими снарядлари йўқ қилинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва вайроналар йўқ.
Брянск вилоятининг Погар қишлоғида Украина ҳужуми натижасида электр таъминоти узилиб қолган, дея хабар берди вилоят губернатори Александр Богомаз. Унинг сўзларига кўра, қурбонлар йўқ.
Маҳаллий аҳолининг Shot телеграм каналига айтишича, улар тўртта портлаш овозини эшитганлар: иккитаси маъмурий бино ёнида, учинчиси ёқилғи қуйиш шохобчаси ёнидаги далада ва тўртинчиси электр подстансиясида. Shot хабарига кўра, тўртта аҳоли пунктида электр энергияси йўқолган.
Украинага "Шаҳед" дронлари ҳужуми
30 сентабрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинани яна "Шаҳед" дронлари билан ҳужумга тутди.
Бу ҳақда Украина мудофаа кучлари матбуот котиби Наталя Гуменюк маълум қилди.
“Дронлар яна Одесса вилоятининг жанубига ёғдирилди, Украинанинг марказий ҳудудларига ҳам кириш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини четлаб ўтишга ҳаракат қилди ”, деди у.
Гуменюкнинг сўзларига кўра, Россия армияси 20 дан ортиқ дрон ишлатган ва тахминан барчаси йўқ қилинган.
Путиннинг дўсти Ғарбни қўрқитиш учун Арктикада ядро қуроли синовини ўтказишни таклиф қилди
Россиянинг “Курчатов институти” миллий тадқиқот маркази президенти ва Владимир Путиннинг дўсти Михаил Ковалчук “Ғарбни қўрқитиб қўйиш учун” Новая Земля оролида ядро қуроли синовини ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
“Ҳозир айнан ўшанақа вазиятдамиз. Новая Земляда синов ўтказиш керак... Ҳеч бўлмаганда бир марта. Шунда ҳаммаси жойига тушади”, деди Михаил Ковальчук, “Курчатов институти” МТМ раҳбари.
Ковальчукка кўра, Ғарбнинг Россияга нисбатан хатти-ҳаракатлари “тобора тажовузкор тус олмоқда”, шу боис кўплаб экспертлар “мазкур соҳадаги давлат сиёсати асосларига тузатиш киритишни” таклиф қилишаётир.
У СССР 1961 йилда АҚШнинг таҳдидли баёнотларига жавобан қуввати 50 мегатоннадан ортиқ бўлган тарихдаги энг қудратли термоядро бомбасини синовдан ўтказиб “америкаликларнинг попугини пасайтириб қўйган”ини эслатди.
Жорий йилнинг февралида Владимир Путин Федерал йиғилишга мурожаатида Новая Земля оролидаги полигонни Россия ядро қуроли синови учун шай ҳолга келтиришга топшириқ берган эди. Шунингдек, Путин Россия стратегик ҳужум қуроллари тўғрисидаги шартнома (СҲҚШ)даги иштирокини вақтинча тўхтатишини эълон қилган.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россиянинг СҲҚШдаги иштирокини тўхтатиб туриш қарорини “ўта қайғули ва енгилтаклик билан қабул қилинган қарор” деб атаган.
“АҚШ Россиянинг аслида нималар қилаётганини диққат билан кузатади. Албатта, нима бўлганида ҳам биз ўз мамлакатимиз ва иттифоқчиларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун зарур позицияда бўламиз”, деган эди Блинкен.
АҚШ ва Россия ўртасида стратегик ҳужум қуролларини янада камайтириш ва чеклаш чора-тадбирларига доир сўнгги шартнома 2010 йилда имзоланган.
Шартномада Россия ва АҚШнинг жойлаштирилган жанговар ядровий каллаклари сонини – 1550 тагача, қитъалараро баллистик ракеталар, сувости кемалари ва оғир бомбаловчи учоқлардан учириладиган баллистик ракеталар сонини 700 тагача камайтириши назарда тутилган.
Халқаро Паралимпия қўмитаси Россия ва Беларус спортчилари тақдирини ҳал этмоқда
Халқаро Паралимпия қўмитаси Россия ва Беларус спортчиларининг Париж-2024 Паралимпия ўйинларида иштирок этиш этмаслигини ҳал қилади.
Баҳрайннинг Манама шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда масала юзасидан учта вариант таклиф қилинди. Биринчиси, Россия ва Беларус спортчиларини паралимпия ўйинлардан четлаштириш, иккинчиси, уларга байроқ ва мадҳиясиз нейтрал мақомда иштирок этишга рухсат бериш; ва учинчиси икки мамлакат спортчиларига ҳеч қандай чекловларсиз иштирок этишга рухсат бериш. > ...: ХПҚ Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Россия ва Беларус спортчиларига мусобақаларда қатнашишни тақиқлаган эди. Россия Беларусдан ўз қўшинлари ва қуроллари учун ҳарбий лагерь сифатида фойдаланиб келади.
ХПҚ қарори Халқаро Олимпия Қўмитасининг рус ва беларус спортчиларини Париж Олимпиадасида иштироки борасидаги қароридан бир неча ҳафта олдин қабул қилиниши керак.
ХПҚ президенти Эндрю Парсонс паралимпия ва олимпия қўмиталарининг қарори бир бирига таъсир қилмаслигини айтмоқда.