Арманистон қочқинларни қабул қилади
Тоғли Қорабоғни тарк этишни истовчи оилалар Россия тинчликпарвар кучлари ҳамроҳлигида Арманистонга жўнатилади.
Озарбайжоннинг ҳарбий ҳаракатлари натижасида бошпанасиз қолган ва Тоғли Қорабоғни тарк этишни истовчи оилалар Россия тинчликпарвар кучлари ҳамроҳлигида Арманистонга жўнатилади, дея маълум қилмоқда Тоғли Қорабоғдаги армани маъмурияти вакиллари.
Тез орада маъмурият аҳолининг Арманистонга кўчириладиган бошқа гуруҳларига доир маълумотларни ҳам эълон қилмоқчи.
Бугун 23 та тез тиббий ёрдам машинаси мутахассислар ва Қизил хоч ташкилоти ходимлари кузатувида Тоғли Қорабоғдан оғир яраланган 23 кишини Арманистонга олиб кетади.
Озарбайжон армиясининг 19-20 сентябрдаги ҳарбий амалиёти натижасида 8 мингдан ортиқ киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.
Аввалроқ Арманистон бош вазири Никол Пашинян Қорабоғ арманиларини эвакуация қилиш масаласи унинг ҳукумати учун “А” ёки ҳатто “В” режа ҳам эмаслигини, нари борса “С” режа бўлишини айтган эди. Бош вазирга кўра, Арманистон Тоғли Қорабоғни армани аҳолисиз қолдириш сиёсатини юритмоқчи эмас. Айни чоғда у Тоғли Қорабоғ аҳолисининг Арманистонга кўчириб келишини истамаслиги ҳақидаги иддаоларга раддия берди.
Москва аэропортларида яна чекловлар жорий этилди
Якшанба оқшомида Москва аэропортларида рейсларни қабул қилиш ва жўнатишга чекловлар жорий этилди. Бунга Россия ҳарбийлари Украина дронлари ҳужумини кутгани сабаб бўлган, дея тахмин қилинмоқда.
Учоқларни қабул қилиш ва жўнатишга муваққат чекловлар Внуково аэропортида маҳаллий вақт билан соат 22:26 да амалга киритилди, дейилади “Москва” агентлиги хабарида. Тахминан шу вақтда Домодедово аэропорти ҳам парвозларни чеклаган, сўнгра тўхтатган. Шереметьево аэропортида бир қанча рейслар кечиктирилгани айтилмоқда. 25 сентябр кечаси аэропортлар фаолияти тикланган.
Чекловлар жорий қилиниши сабаби расман эълон қилинмаяпти. Бироқ одатда бунақа чоралар Россия пойтахтига Украина тарафдан камикадзе дронлар учиб келаётган пайтларда қўлланади.
Аввалроқ Тула, Брянск вилоятлари ҳамда Севастополь шаҳри расмийлари дронлар уриб туширилгани ҳақида маълум қилган эди.
Украина Бахмут яқинидаги рус позицияларига артиллериядан зарба берди
Бахмут чеккасида давом этаётган шиддатли жангларда Ғарб томонидан етказиб берилган оғир қуроллар душманга жиддий зарар етказмоқда, дейди украиналик қўмондонлар Рейтер агентлигига берган интервьюсида.
Ўтган ҳафта Клишивка қишлоғи қўлга киритилганидан сўнг, украин қўшинлари иттифоқчилар томонидан етказилган гаубицаларни мақтади.
Олександр Бахмут жанубидаги қўлга киритилган Клишивка қишлоғи руслар қаттиқ ўрнашиб олган ҳудудлардан бири эканлигини айтади.
«Қуролли кучларимиз 155 ммли артиллерияларга таянмоқда. Ҳатто битта қурол ҳам вазиятни тескари йўналишга бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Ҳужумни том маънода битта қурол билан тўхтатиш мумкин. Асосийси, қуролни керакли жойда ишлатиш. Руслар бизнинг қуролларимиздан нафратланишади. Биз эгалланган ҳудудлардам ҳам ўқ-дориларни қўлга киритяпмиз. Айтишларича, руслар бизда қанча ўқ-дори қолди деб ҳайрон қолаётган экан», дейди ҳарбий Олександр.
Украина қўмондонлари Клишивка ва Андривканинг қўлга олинишини Бахмутни қайтариб олиш учун муҳим қадам эканини айтмоқда.
“Биз ғалаба қозонишимизга шубҳа йўқ, бу вақт масаласи. Тез орада Бахмут, Донецк ва Қримни қайтариб оламиз. Умуман олганда, уруш бошламаган яхши эди, лекин қўшниларимиз, афсуски, бундай фикрдамас. Шундай экан, биз ҳам шунга мувофиқ ҳаракат қиламиз", дейди бўлинма командири Ярослав.
Клишивка ва Андривканинг қўлга киритилиши Украинанинг июнь ойида бошланган қарши ҳужумидаги энг муҳим ютуқларидан бўлди. Украин қўшинлари Россиянинг мустаҳкам чегараларини ёриб ўтиши қийин кечмоқда.
Украина Бош штаби: Россия қуролли кучлари сўнгги 24 соат ичида 57 та ҳаво ҳужумини амалга оширди
Охирги 24 соат ичида 20 дан ортиқ ҳарбий тўқнашувлар содир бўлди, Россия кучлари бешта ракета ва 57 та ҳаво ҳужумини амалга оширди. Шунингдек, Украина ҳудуди 38 марта бир нечта ракета тизимларидан ўққа тутилган. Дронларининг давомли ҳужумлари ҳам қайд этилган: охирги 24 соат ичида 15 тадан 14 таси уриб туширилган.
Запороже вилоятида бир киши ҳалок бўлди, ярадорлар бор.
Днепропетровск вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Сергей Лисакнинг сўзларига кўра, Никополнинг артиллериядан ўққа тутилиши натижасида 25 ёшли йигит оғир яраланган. У осколка жароҳати олган ва касалхонага ётқизилган.
Маҳаллий ҳукумат 24-сентябрга ўтар кечаси Россия дрон ва артиллериядан фойдаланган ҳолда бир неча ҳужум содир этилганини маълум қилди. Тўртта хусусий уй, универмаг биноси, болалар боғчаси қисман вайрон бўлган, электр тармоқлари узилган. Портлашлар Мировое ва Покровское қишлоқларида ҳам қайд этилган.