Норозилик намойишига чиққан музрободликларга кўра, шароитсизликдан маҳаллий туғруқхонадаги чақалоқлар нобуд бўлган.
Сурхондарё вилоятининг Музробод туманида 200 чоғли киши 7 феврал куни газ ва электр энергияси тақчиллигидан, ичимлик сувнинг йўқлигидан, туғруқхоналарда чақалоқлар совуқдан ўлаётганидан норозилик билдирди.
Музробод туманидаги Қўнғирот маркази қишлоқ фуқаролари йиғини биноси олдида тўрт кун муқаддам ўтказилган норозилик акцияси тафсилотлари Озодликка 11 феврал куни маълум бўлди.
"Дўстлик" маҳалласида истиқомат қилувчи уй бекаси Шодигул Жўраеванинг айтишича, бу норозилик акцияси стихияли тарзда ташкил бўлди.
Суҳбатдошимизга кўра, 7 февралда Қўнғирот марказида яшаётган одамлар пичоқ суякка бориб етганидан сўнг қишлоқ фуқаролар йиғини биноси олдига тўплана бошлаган, уларни бу ерга ижтимоий муаммоларнинг ҳал этилмаётгани етаклаб келган.
- Газ билан свет муаммолари халқни қийнаб юборди. Газ умуман йўқ, светни суткасига 20 соат ўчиради. Қолган 4 соатида ҳам ҳар 15 минутда ўчириб ёндираверади. Халқнинг холодилниклари, компютерлари, телевизорлари, умуман ток билан ишлайдиган ҳамма нарса куйиб боряпти. Кейин биз қўзғолон кўтариб, фуқаролар йиғинига бордик ҳақиқат талаб қилиб, - дейди Шодигул Жўраева.
"Дўстлик" маҳалласида яшовчи яна бир суҳбатдош - Раъно опанинг айтишича, сўнгги 20 йил ичида халқ бунчалик қийналмаган эди:
- Мен ҳам Шодигулнинг гапларига қўшиламан. На сув бор, на печкага ёққани ўтин бор. Совуқдан халқ ниҳоятда азоб чекяпти. Афсуски, раҳбарларимизнинг халқ дарди билан иши йўқ, - дейди Раъно опа.
- Биз энди президент номига хат тайёрлаяпмиз. Ишонамиз, президентимиз яхши одам. Бу раҳбарларни танобини тортиб қўяди. Агар шунда ҳам муаммо ҳал бўлмаса, биз 200 одам президент девонига борамиз, - дейди Шодигул Жўраева.
Озодлик бу масала юзасидан фикр олиш мақсадида Музробод туман ҳокимлиги билан боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ туман ҳокимлигининг телефонлари жавоб бермади.
Музробот туман ички ишлар бўлимининг навбатчиси Озодлик билан суҳбатда Қўнғирот марказида бўлиб ўтган аҳолининг норозилик акциясидан хабарсиз эканлигини айтар экан, бу саволга жавоб берадиган бошлиқлар иш ўринларида эмаслигини билдирди.
Шодигул Жўраева ва Раъно опа билан бўлган суҳбатнинг тўлиқ вариантини қуйида тингланг: