Йигирма уч йилдан буён Ўзбекистонни бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг яқин орада тахтдан кетиш нияти йўқ.
30 январь куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 74 ёшга тўлди.
Агар Каримовнинг Ўзбекистон Компартияси биринчи котиблиги вазифасида икки йиллик фаолиятини ҳам ҳисобга олсак, у Ўзбекистонни 23 йилдан буён бошқариб келмоқда.
23 йил бир вазифада ўтириш Каримов учун етарли эмасми? У ўрнини ёш ва иқтидорли кадрларга бўшатиб бериш вақти келмадими?
Ана шу мавзуда “Баҳс майдони” эшиттиришида 70 ёшли қамашилик Ҳасан Чориев ва 55 ёшли бахмаллик Очил Мирзаев баҳслашади.
Ҳасан Чориев: Мустақиллик бўлганига 20 йил бўлган бўлса ҳам, Каримов ўзбек халқига ҳеч бир яхшилик қилмади. Нега деганда мана саккиз миллион халқимиз четга иш излаб чиқиб кетди. Агар Ўзбекистонда шароит ва иш бўлганда эди улар бола-чақасини ташлаб кетмас эди. Иккинчидан, ўзимизда газ ва свет ишлаб чиқарилсада, лекин халққа берилмайди. Бунинг учун Президент жавоб бериши керак...
Очил Мирзаев: Наҳот ўзбек мииллати шу аҳволга келдики, ҳатто чўнтагимизда носимиз бўлмаса ҳам буни президентдан кўрадиган бўлиб қолдик. Имом Бухорийлар авлоди ҳеч қачон қорни учун йиғламаган, қадри учун йиғлаган....
Ҳасан Чориев: Сиз дангал-дангал гапиринг. Нос-чўнтакка ўтиб кетманг бу сиёсий гап. Ўзбекистонда 70 фоиз халқ қашшоқ яшайди, сиз шундан гапиринг...