Украина кучлари Бахмут йўналиши ва Днепрнинг чап қирғоғида "силжиш"га эришган
Украин ҳарбий штаби ўз аскарлари Бахмут яқинида рус хандақларини эгаллаб олаётгани акс этган видео тасвирларни эълон қилди.
Видеода украин ҳарбийлари бронетранспортёрда ўрмон бўйлаб ҳаракатланиб, рус аскарларини ҳужумга тутатгани кўринади.
Тасвирлар қачон ва айнан қаерда олинганини тасдиқлаш имконсиз.
Россия қарийиб 20 ойдан бери давом этаётган урушнинг энг қонли саҳнаси бўлган Бахмутни шу йилнинг май ойида эгаллаб олди.
Украина эса июн ойида мамлакат жануби ва шарқидаги босиб олинган ерларни, жумладан Бахмутни қайтариб олишга қаратилган қарши ҳужумни бошлади.
Днепрнинг чап қирғоғида "муваффақиятли ҳаракатлар"
Жанубий жабҳада эса Украина ҳарбийлари Днепрнинг шарқий қирғоғида "муваффақиятли ҳаракатлар" ҳақида расман гапира бошладилар.
Херсон вилоятидаги Днепрнинг чап қирғоғида жойлашган Украина армиясининг мақсадларидан бири ўнг қирғоқдаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун россиялик ҳарбийларни ортга қайтаришдир, деб ёзади “Украинска правда” нашри Украина Бош штабига таяниб.
“Украина мудофаа кучлари Днепр дарёсининг чап қирғоғида Херсон йўналишида бир қатор муваффақиятли ҳаракатларни амалга оширди”, — дейилади мақолада.
Уруш бошланганидан бери Украина 15та рус кемасини йўқ қилган
Украина ҳарбий-денгиз кучларининг расмий вакили Дмитрий Плетенчук уруш давомида украиналик ҳарбийлар Россиянинг 15 та ҳарбий кемасини йўқ қилган. Яна 12 та рус кемасига шикаст етказишга муваффақ бўлганини маълум қилган.
Украинанинг АҚШдан ҳарбий ёрдам олиши декабр ойининг ўрталарига қадар қолдирилиши мумкин
Катта эҳтимол билан, АҚШ Конгресси музокараларни якунлаши ва Украинага янги ёрдам кўрсатишни декабр ойи ўрталарида, президент Жо Байден Киевни қўллаб-қувватлаш учун биринчи марта 61 миллиард доллар сўраганидан деярли икки ой ўтиб тасдиқлаши мумкин, деб ёзади Блумберг нашри.
Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирбининг АҚШ Украинага ёрдам бериш учун ресурслари тугаб бораётгани ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, икки партиянинг ўзаро тўқнашуви Конгресснинг янги йилдаёқ ёрдам масаласини кўриб чиқишига олиб келиши мумкин, деб ёзади агентлик. Сенат спикери Чак Шумернинг айтишича, Украинага ёрдам бериш масаласи Шукроналик байрамидан сўнг, яъни ноябр ойи охирида овозга қўйилади.
Махсус конференция
Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ ва Украина саноати вакиллари декабр ойида “махсус” конференция ўтказишини айтди.
Ғарбдан таъминот сусайиши мумкинлигидан хавотирлар фонида Киев ўз қуролларини ишлаб чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, у халқаро қурол ишлаб чиқарувчилар билан қўшма корхоналар тузиш, бу ўз маҳаллий саноатини жонлантиришга ёрдам беришига умид қилади.
"Айтганча, биз Қўшма Штатлар билан биргаликда қурол ишлаб чиқариш бўйича фаол ишлаяпмиз. Вашингтонга ташрифим чоғида Президент Байден ва мен биргаликда амалга оширишимиз мумкин бўлган ҳаракатлар бўйича аниқ келишувларга эришдик. Бу ҳамкорлик шубҳасиз, кучайиб боради. Ҳамкорликдаги ишимиз ҳар доим мустаҳкамланиб бораверади”, деди Зеленский.
Ўзининг навбатдаги кечки нутқида Зеленский конференцияда Украина ва Америка саноати вакиллари, ҳукумат амалдорлари ва бошқа давлат вакиллари иштирок этишини айтди.
У конференция қаерда бўлишини айтмади. Киев ва Вашингтон қўшма қурол ишлаб чиқариш масаласида “фаол олға силжимоқда”, дея қўшимча қилди президент Зеленский.
Зеленский: Россия Авдеевкада Бахмутдагидан ҳам кўп йўқотишларга дучор бўлмоқда
Украина президенти Владимир Зеленский 14 ноябр куни вайронага айланган Авдеевка шаҳри яқинида рус қўшинларига етказилган катта йўқотишлар Москванинг уруш олиб боришдаги умумий мавқеини янада ёмонлаштиришини айтди.
“Авдиевка яқинида Россия қўшинлари қанча кўп йўқ қилинса, умумий вазият душман учун, урушнинг бориши учун шунчалик ёмон бўлади”, деди Зеленский тунги видеомурожаатида.
"Россия аллақачон Авдеевка остонасида аскарлари ва техникасини, Бахмутдагидан кўра кўпроқ йўқотмоқда. Уларнинг босимига дош бериш жуда қийин, бизнинг позицияларимиздаги ҳар бир аскар, у ерда жанговар топшириқларни бажараётган ҳар бир аскар бизнинг алоҳида миннатдорчилигимизга лойиқдир. Улар ҳақиқий қаҳрамонлардир! ", - деди Зеленский.
Зеленский рус қўшинлари Авдиивка атрофида бир неча ой давом этган жангларда, шимоли-ғарбдаги Бахмут яқинидаги жанглардан кўра кўпроқ аскар ва техникани йўқотганини айтди
Айни пайтда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел чоршанба куни Брюсселда Россияга қарши янги, 12-санкциялар пакети тақдим этилишини эълон қилди.
Унда олмос ва нефтга чекловлар киритилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, унинг аниқлик киритишича, таклиф этилаётган санкциялар «рўйхатга қўшимча шахсларни қўшиш, Россия экспортига янги тақиқлар, жумладан, олмос сотиб олишни тақиқлаш, Россия нефти нархининг юқори чегарасига риоя қилишни кучайтириш бўйича ҳаракатлар, шунингдек, санкциялардан қочишга қарши кураш чоралари»ни қамраб олади.
Аввалроқ Bloomberg ўз манбаларига таяниб, Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар, жумладан, кимёвий моддалар ва технологияларни экспорт қилиш чекловларини жорий этиш имкониятини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берган эди.
Донецкдаги турар-жой биносига Россия ҳужумидан бир киши ҳалок бўлди
15 ноябр куни Украина шарқидаги Донецк вилояти Селидово шаҳарчасидаги тўрт қаватли турар-жой биносига Россия ракета зарбаси оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган.
Яна беш киши, жумладан бир бола қутқариб олинди, бироқ камида бир киши вайроналар остида қолиб кетгани тахмин қилинмоқда, деди Украина ички ишлар вазири Игор Клименко.
Украина бош прокуратурасига кўра, Россия ҳарбийлари Донецк вилоятининг Селидово шаҳридаги турар-жойларга жами тўртта ракета ҳужуми уюштирган.
Ҳужум С-300 зенит-ракета мажмуасидан амалга оширилган.
Бош прокуратура ҳужум оқибатида 85 ёшли аёл ҳалок бўлгани, яна беш нафар тинч аҳолининг жароҳатланганини тасдиқлади.
Россия Украинага 21 ойлик кенг миқёсли босқинининг олдинги чизиғи орқасидаги аҳоли пунктларига мунтазам равишда ракета ва учувчисиз самолётлардан зарбалар бериб келмоқда.
Германия Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдамни етказиб беради
Германия ҳукумати Украинага янги ҳарбий ёрдам ажратди. Бу ёрдам танклар, инженерлик ва автомобил техникаси, ўқ-дори ва артилерия снарядларидан иборат.
Германия Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, Украинага ҳарбий ёрдам доирасида 10 та Leopard 1A5 танки, 14 та Bandvagn 206 автомобили, 5 та Warthog Ambulance техникаси, 1 та Winsent танки, 10 та VECTOR разведка дронлари, 14 та GO12 ер усти назорат радарлари, 3 та чегарани ҳимоя қилиш машинаси ва бошқа техникаларни етказиб беради.
Аввалроқ Reuters ва Bloomberg агентликлари ўз манбаларига таянган ҳолда канцлер Олаф Шольц раҳбарлигидаги ҳукумрон коалиция 2024 йилда Украинага ёрдамни икки маротабага кўпайтириб, 8 миллиард долларга етказиш тўғрисида муросага эришганини хабар қилган эди.
Германия АҚШдан кейин Украинага энг кўп ҳарбий ёрдам кўрсатаётган иккинчи давлатдир. Россия Украинага уруш очган 2022 йилнинг 24 февралидан то шу кунгача Германия Украинага 24 миллиард долларлик ёрдам кўрсатган.