Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2025, Тошкент вақти: 04:57

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

20:40 6.11.2023

Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Чеченистон раҳбарининг хавфсизлигини таъминлаш хизматининг таъминот шуъбаси бошлиғи этиб тайинланди

Рамзан Қодировнинг 15 яшар ўғли Адам Чеченистон раҳбарининг хавфсизлигини таъминлаш хизматининг таъминот шуъбаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда телеграм-каналларда республиканинг миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири Аҳмад Дудаев ҳамда Чеченистон сайланган Давлат Думаси депутати Адам Делимхановлар маълум қилишди.

“АЗИЗ ЖИЯНИМнинг бундай лавозимга тайинланиши мутлақ мантиқий. АДАМ РАМЗАНОВИЧ болалигидан бери ўзини шараф ва ғурурини ҳамма нарсадан ортиқ кўрувчи ҳақиқий эркак сифатида кўрсатиб келмоқда”, деб ёзди Адам Делимханов.

Йигитча 6 октябр куни Чеченистон Республикаси Қаҳрамони унвони, кейинроқ эса “миллатлараро ва динлараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун” Татаристоннинг аҳамиятига кўра иккинчи ўринда турувчи “Дуслик” ордени, шунингдек Қорачой-Черкасиянинг “Республика олдидаги хизматлари учун” олий ордени билан тақдирланган.

Чеченистон раҳбарияти Адам Қодировни “қўллаб-қувватлаш”ни сўраб кўплаб Кавказ республикаларига мурожаат қилган, бироқ Адигей ва Қабардин-Болқор республикалари уни ўз миллий мукофотлари билан тақдирлашдан бош тортган.

Сентябр охирида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўз телеграм-каналида ўғли Адам Қуръонни ёқиш айблови билан ҳибсхонада ётган 19 ёшли Никита Журавелни дўппослаётгани акс этган видеони эълон қилган ва изоҳида ўғлининг бу ҳаракатини оқлаган эди.

Сиёсатшунослар фикрича, Рамзан Қодиров ўғлини мукофотлаш ва катта мансабга қўйиш билан уни Чеченистон раҳбари лавозими ворис сифатида тақдим этмоқда.

20:38 6.11.2023

Владимир Зеленский: Уруш боши берк кўчага кирди, деган фикрга қўшилмайман

Бу ҳақда Украина президенти NBC News телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.

Украина Қуролли Кучлари Бош қўмондони Валерий Залужнийнинг The Economist нашрига ёзган мақоласидан сўнг журналистлар Зеленскийдан ўз саволларига жавоб беришни сўрашган, унда у Украина кучларида Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни озод қилиш учун етарли техника йўқ, шунинг учун уруш узоқ вақт давом этиши мумкин бўлган позицион босқичга кирди, деб ёзган. Зеленский Украинанинг урушдаги тараққиёти секин кечаётганини ва можаро давом этар экан, “чарчоқ борлигини” тан олди, бироқ у Украина ҳарбийлари “бизни ўлдириш учун Украинага келган руслардан кўра ғайрати кўпроқ” деб ҳисоблашини билдирди.

Зеленский Украина ҳарбий стратегиясини ўзгартириш вариантларини кўриб чиқаётганини таъкидлаб ўтди. Украина президенти Россия билан уруш боши берк кўчага кириб қолгани ҳақидаги даъволарни рад этди:

“Бизнинг армиямиз тезроқ олдинга силжиш ва кутилмаганда Россия Федерациясига зарба бериш учун турли режалар, турли операциялар билан чиқмоқда. Улар бизни мот қиламиз деб ўйлашганди, лекин бундай бўлмади... Менимча, бу боши берк вазият эмас".

20:36 6.11.2023

АҚШ атом сувости кемаси Яқин Шарққа етиб борди

АҚШнинг “Оҳайо” таснифидаги атом сувости кемаси ҲАМАС гуруҳининг Исроилга ҳужуми ва Ғазо бўлгасидаги ҳарбий ҳаракатлар муносабати билан Яқин Шарқда вазият кескинлашуви манзарасида 5 ноябр куни АҚШнинг Марказий ҳарбий қўмондонлиги оператик жавобгарлиги остидаги ҳудудга етиб келди.

Марказий ҳарбий қўмондонлик Яқин Шарқ, Шарқий Африка ва Марказий Осиёдаги вазиятга масъул этиб белгиланган. Қўмондонлик сувости кемаси келгани ҳақида хабар бериб, унинг суратини ёйинлади. Сурат Сувайш каналида олингани тахмин қилинмоқда. Шарҳловчилар бу воқеани “ғайриодатий қадам” дея баҳолашаётир.

АҚШ ихтиёрида шу турдаги сувости кемаларидан 18 та бор. Ҳар бирида ядровий каллакли “Трайдент-2” ракеталаридан 20 тадан мавжуд.

Аввалроқ Ўрта ер денгизи шарқига АҚШнинг “Жералд Форд” ҳамда “Дуайт Эйзенҳауэр” авиаташувчилари бошчилигидаги иккита авиаташувчи зарбдор гуруҳи жўнатилган эди.

АҚШ расмийлари Эрон ва унинг иттифоқчиларини ҲАМАС гуруҳи тарафида Исроилга қарши урушга киришнинг жиддий оқибатларидан бир неча марта огоҳлантиришган.

20:34 6.11.2023

Рустем Умеров 128-бригада ҳарбий хизматчиларининг ўлими юзасидан “тўлиқ текширув” ўтказишни топширди

Запороже вилоятидаги 128-алоҳида Закарпат тоғ-ҳужум бригадаси ҳарбийларини тақдирлаш маросимида рус ракетаси зарбаси натижасида 19 аскар ҳалок бўлди, деб хабар берди бўлинма матбуот хизмати.

Бригаданинг қайд этишича, ҳозирда фожианинг барча ҳолатлари синчиклаб текширилмоқда.

5 ноябр куни Украина мудофаа вазири Рустем Умеров департамент бош инспекциясига 128-бригада ҳарбий хизматчиларининг ўлими юзасидан “тўлиқ текширув” ўтказишни топширди.

Россия 3 ноябр куни эрталаб Артиллерия куни муносабати билан Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларига мукофотларни топшириш чоғида Россия “Искандар” ракета зарбасини берди. Бу 4 ноябр куни ҳарбийлар ва блогерлар 128-бригада зобитларидан бири тақдирлаш маросимини фронтдаги қишлоқда ўтказишга қарор қилгани ҳақидаги хабарларни интернетда эълон қилганидан кейин маълум бўлди. Мукофотни топшириш вақтида ракета зарбаси "кўплаб" ҳарбий хизматчиларни, шунингдек, тинч аҳолини ўлдиргани айтилган.

Россиянинг Рибар телеграм канали ҳужум фронт чизиғидан 20 километр узоқликда жойлашган Димитрово қишлоғида амалга оширилганини даъво қилмоқда. Манбаларни кўрсатмасдан, Рибар тахминан 50 га яқин одам ўлдирилганини ёзади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG