Украина ҚК: 12 дрон ва 2 ракета уриб туширилди
Ўтган 24 соат ичида Чернигов, Суми, Харков, Луганск, Донецк, Запорожье ва Херсон вилоятларидаги юздан ортиқ аҳоли пунктлари Россия томонидан ўққа тутилган. Херсон вилоятида беш киши яраланди, дея хабар бермоқда Украина Ички ишлар вазирлиги.
30 октябр, душанба куни эрталаб Россия қўшинлари Украинанинг Одесса вилояти ҳудудига ракета ҳужуми уюштирди, натижада кема таъмирлаш заводига зарар етди, икки киши жароҳат олди. Бу ҳақда Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер маълум қилди.
Украина Ҳаводан мудофаа тизими ўтган тунда русларнинг 12та камикадзе дрони ва иккита ракетаси уриб туширилганини очиқлади.
Шу куниёқ эрталаб Севастополда денгиз транспорти ва Қрим мости бўйлаб ҳаракатланиш тўхтатилди. Севастопол иккита сув усти дронлари томонидан ҳужумга учрагани айтилди.
Ростов-на-Донда якшанба куни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган дрон қолдиқлари олтита хусусий уй ва бир автомобилнинг томларига зарар етказди, деди шаҳар маъмурияти раҳбари Алексей Логвиненко.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.
Оломон калтакламоқчи бўлган "яҳудий" ўзбек бўлиб чиқди
Аэропортдан чиқиш жойларида акция иштирокчилари “яҳудийларни аниқлаш мақсадида” йўловчиларнинг ҳужжатларини текширганлар. Оломон ҳатто ОМОН автобусини ҳам текширган. Озодликнинг “Кавказ.реалии” лойиҳаси мана шундай “текширув”га Ўзбекистон фуқароси ҳам тушиб қолгани тўғрисида хабар берди:
“Агрессив оломон Москвадан Доғистонга учиб келган эркакни Исроил фуқароси деб таҳмин қилиб, ушлаб олди. У оломонга яҳудий эмаслигини, Исроилдан келмаганини тушунтиришга ҳаракат қилди. Уни фуқаролик кийимидаги полициячилар оломон ичидан олиб чиқиб кетди. Маълум бўлишича, у -Дилшод Мамадалиев, миллати ўзбек ва Москвада врач бўлиб ишлайди”.
Якшанба куни кечки соат 9 ларда оломон аэропортнинг учиш-қўниш майдончасига бостириб кирган ва Тель-Авивдан келган самолёт бортига чиқишга ҳаракат қилган.
Доғистон раҳбарияти: Республикадаги намойишлар Украинадан бошқарилган
"Республикамиз аҳолисини рухсат берилмаган акцияларга чиқиш Украинадан туриб бошқарилган!" дея қизиқ баёнот берди Доғистон раҳбари Сергей Меликов.
Унинг сўзларича, намойишчилар републикадаги вазиятни издан чиқармоқчи бўлган. Изоҳга ҳожат йўқ.
Шимолий Кавказда антисемит чиқишлар
29 октябрь куни кечқурун Шимолий Кавказда Махачқала, Налчик, Хасавюрт, Черкесск, Дарбантда антисемит акциялари ўтказилди.
Доғистон пойтахти Махачқаладаги акцияда бир неча юздан минг нафаргача норози иштирок этгани айтилмоқда. Акция иштирокчилари Тель-Авивдан учиб келган учоқда “яҳудийларни топиш ва шаҳарга киргизмаслик” мақсадида Махачқала аэропортини босиб олган. 30 октябрь тонгга яқин кучишлатар тузилмалар тартибсизликлар иштирокчиларини тарқатиб юборишга муваффақ бўлгани хабар қилинди.
30 октябрь соат икки ҳолатига кўра, тартибсизликлар пайтида камида 20 киши жароҳатланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир. Тартибсизликлар пайтида тошбўрон қилинган 9 полициячи шифохонага ётқизилган.
Россия Тергов қўмитасининг Доғистон бошқармаси Жиноят кодексининг 212-моддаси (оммавий тартибсизликлар) бўйича жиноят иши қўзғатди. Шимолий Кавказ полиция раҳбарияти тартибсизликларни ташкил қилган 150 киши аниқлангани, улардан 60 нафари қўлга олинганини хабар қилди.
Аэропорт биносига зарар етгани, жиҳозлар вайрон қилингани ва ўғирлангани айтилмоқда.