Украинанинг Скиф маданияти олтинлари Испанияда мусодара қилинди
Мадридда Украинадан ўғирланган қимматбаҳо олтин буюмлар сотилиши олди олинди ва мусодара қилинди, деб хабар берди Испания полицияси.
Полиция баёнотида айтилишича, 2009-2013 йилларда Киев музейларидан бирида намойиш этилган қадимги скиф маданиятига оид 11 та буюм 2016 йилда Украинадан олиб чиқиб кетилган.
"Испания полицияси Украина хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорликда ўтказган операцияда Мадридда Украина тарихий меросига тегишли бўлган қиймати 60 миллион евродан ортиқ 11 та олтин артефактни қўлга олди", деди Ана Рамон, Испания полицияси зобити.
2021 йилда қўчқор бошли тилла камар олди-сотдисидан кейин қидирувда бўлган уч испаниялик ва икки украиналик ҳибсга олинган.
Полиция гумонланувчиларда сотиш учун сақлаб келинган бошқа буюмлар ҳам борлигини аниқлади.
Осори атиқалар Украина православ черковига тегишлидек кўриниши учун қалбаки ҳужжатлар тайёрланган. Ҳужжатларда эгалик ҳуқуқи Мадридда яшовчи украиналик православ руҳонийга тегишли экани кўрсатилган.
Мусодара қилинган буюмлар Испания миллий археология музейи ва Испания маданий мероси институтида ўрганилмоқда.
Подоляк: Авдеевкада Россия 5-6 минг аскар йўқотди
Россия ҳарбийлари бир ҳафтадан ортиқ вақтдан бери Донецк вилоятидаги Авдеевка шаҳрини ишғол қилишга уринмоқда. Бу вақт ичида у ерда олти мингга яқин россиялик ҳарбий ҳалок бўлди, дейди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк “Дождь” телеканали эфирида:
“Урушнинг энг шиддатли жанглар кунида 1,5 мингга яқин россиялик аскар ҳалок бўлди - фақат шу йўналишда. Аммо, умуман олганда, бир ҳафталик жангларда беш-олти минг киши ҳалок бўлди... Ҳужум Украинага шундай даҳшатли психологик таъсир кўрсатиши керак: қаранг, биз ҳеч кимга ачинмаймиз, бизда ўлчовсиз мобилизация имкониятларимиз бор. Асосийси, бу ҳамкорларимизга худди шундай ҳайратланарли таъсир кўрсатиш, йўқотишлар сонидан қатъий назар, Россия жангларни давом эттиришини кўрсатишдир”.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳам Украинадаги жангларни якшанба кунги шарҳида ҳарбий қўмондонликнинг Авдеевкага ҳужум қилиш қарори туфайли кўпроқ рус аскарлари ҳалок бўла бошлаганини айтди. Умуман олганда, Украинага кенг миқёсли босқин бошлангандан бери, Британия департаментига кўра, Россия 190 мингдан зиёд аскарини йўқотган.
Авдеевка учун жангларда Россия катта миқдорда техникани ҳам йўқотмоқда: Oryx OSINT- лойиҳаси маълумотларига кўра, Авдеевкадаги 10 кунлик ҳужум давомида техникада йўқотишлар ёз бошидан бери барча йўқотишларнинг 10 фоизини ташкил этган.
Севастополда тунда портлаш овозлари эшитилди
Севастополда тунда отишма ва ҳаво ҳужумидан мудофаа мосламаларининг ишлашига ўхшаш баланд товушлар эшитилди.
Россия тайилганан шаҳар мэри Михаил Развожаев “сув ости диверсия кучларининг эҳтимолий ҳужуми” ҳақида маълум қилди. У тафсилотларни келтирмади, шу боис баёнотларини мустақил манбалар ёрдамида тасдиқлашнинг ҳозирча имкони йўқ.
2022 йил августидан буён Қрим ва Севастополда деярли ҳар куни портлашлар эшитилмоқда. Расмийлар уларни "машқлар" ёки "ҳаво ҳужумидан мудофаа ишлари" деб тушунтириб келадилар.
Украина Саудия билан муносабатларни яхшиламоқда
Украина президенти Владимир Зеленский кеча Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни Малтадаги Тинчлик формуласи саммитида иштирок этишга таклиф қилди.
Бу ҳақида Зеленскийнинг ўзи тунги видеомурожаатида маълум қилди.
"Мен Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси билан суҳбатлашдим. Жуда мазмунли суҳбат бўлди. Икки томонлама муносабатлар, Форс кўрфази минтақаси билан муносабатларни муҳокама қилдик. Саудия Арабистонини Малтадаги йиғилишда иштирок этишга таклиф қилдим. Глобал тинчлик саммитини ташкил этишдаги муҳим роли учун уларга миннатдорчилик билдирдим. Албатта, Яқин Шарқдаги вазият борасида ҳам фикр алмашдик. Асосийси имкон қадар кўпроқ тинч аҳоли ҳаётини сақлаб қолиш ва гуманитар фалокат ҳамда уруш ёйилиб кетишини олдини олишдир", деди Владимир Зеленский.
Жорий йил бошида Жидда ва Копенгагенда бўлиб ўтган тинчлик саммитларидан сўнг 28-29 октябрь кунлари навбатдаги тинчлик саммити Малтада ўтиши эълон қилинди.