Дума спикери: Мамлакатни тарк этганларга Магадандан жой тайёрлаб қўйилган
Россия парламенти қуйи палатаси спикери мамлакатни тарк этган ва Украинани қўллаб-қувватлайдиган россияликларни Сталин давридаги Гулаг қамоқхоналари билан машҳур Узоқ шарқ минтақасига сургун қилишни таклиф қилди.
Россиянинг 2022 йили Украинага бостириб кириши ва ундан кейинги ҳарбий сафарбарлик кампанияси сабаб бир неча юз минг россиялик ўз ватанини тарк этишга мажбур қилди.
Бир ярим йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган уруш Россияда репрессияни кучайтирди: диссидентлар қамоққа ташланди; давлат телевидениеси Ғарбга ядровий ҳужум қилишни муҳокама қилишни бошлади ва баъзи сиёсатчилар тажовузкор сиёсатни илгари сурмоқда.
Дума спикери Вячелав Володин Россияни тарк этиб, Украинанинг Россияга дрон ва ракета ҳужумларидан хурсанд бўлаётганлар энди ўз ватанларида илиқ кутиб олинмаслигини билишлари кераклигини таъкидлади.
“Мамлакатни тарк этганлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ватанини тарк этиб, қандайдир қабиҳ ишларга қўл урганлар Украинанинг Россия ҳудудига қилган ҳужумлардан хурсанд бўлишди, Киевнинг қонли фашист режимига ғалаба тилашди. Улар эндиликда бу ерда қучоқ очиб кутиб олинмаслигини, агар қайтиб келишса, Магадандан жой кафолатланганини билишлари керак, деди ВЯЧEСЛАВ ВОЛОДИН, Россия давлат думаси спикери.
Магадан - Сталин давридаги Гулаг қамоқ лагерлари билан машҳур узоқ шарқ минтақаси. У ерга хоин, жиноятчи ва ҳарбий асирлар қатағон қилинган.
Маълумотларга кўра, 1932 йилдан то 1950 йилларнинг ўрталарига қадар 800 минг киши Магадан лагерларига сургун қилинган.
Совет даврида умумий ҳисобда Гулаг лагерларига 18 миллионга яқин одам сургун қилинган.
СБУ: Гроза қишлоғидаги кафени нишонга олишда кўмаклашган шахслар аниқланди
Украина Хавфсизлик хизмати Россия истилоси даврида Россия томонида ишлай бошлаган ва кейинроқ Россия ҳудудига кўчиб ўтган икки нафар маҳаллий аҳолини аниқлади. Украина разведкаси шу йилнинг Октябр ойи бошидан буён улар вафот этган ҳарбий хизматчини қайта дафн қилиш ҳақида маълумот йиғишаётгани аниқлаганини билдирмоқда. СБУ, кейинчалик дафн маросимининг вақти ва жойи ҳақидаги аниқ маълумотлар Россия армиясига ўтказилганини иддао қилмоқда.
Разведка гумон қилинган агентларнинг исмларини ҳам очиқлади: улар 30 ёшли Владимир Мамон ва унинг укаси, 23 ёшли Дмитрий Мамон. Улар давлатга хиёнат қилишда айбланмоқда.
Разведка хизматининг таъкидлашича, улар ҳужум натижасида тинч аҳоли, жумладан, уларга маълумот берганлар ҳам ҳалок бўлишини билишган.
Харков вилояти полицияси сешанба куни Россиянинг Купянский туманидаги Гроза қишлоғига ракета ҳужуми натижасида ҳалок бўлган 53 кишининг шахси аниқланганини маълум қилди. Ҳозирда 5 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланади. Ҳаммаси бўлиб бедарак кетганлар ҳақида 22 та хабар келиб тушган, улардан тўрт нафари тирик топилган, 13 нафари ҳалок бўлганлар рўйхатига киритилган.
5 октябр куни Россия ракетаси Грозадаги кафе-дўконга келиб тушганди, ўша пайтда у ерда фронтда ҳалок бўлган украиналик ҳарбий хизматчининг дафн маросими бўлиб ўтаётган бўлган. Бомбардимон қурбонлари орасида марҳум эркакнинг ўғли ва бошқа оила аъзолари ҳам бор
Россия ИЛ-76ни ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқчи
Россия илгари Тошкентда ишлаб чиқарилган ИЛ-76 транспорт учоғини уруш талабларига мувофиқ ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқчи.
Россия Мудофаа вазирлиги 11 октябр куни мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Россиянинг Уляновск шаҳридаги ҳарбий транспорт самолётлари ишлаб чиқарадиган заводга ташрифи акс этган кадрларни эълон қилди.
Улар орасида Ил-76 стратегик ҳаво юк ташувчи самолёти ва фаол хизмат кўрсатаётган дунёдаги энг йирик юк самолёти Ан-124 бор.
Ҳарбий қўмондонлар билан суҳбатда Шойгу Россиянинг Украинадаги ҳарбий кампанияси туфайли транспорт самолётларига бўлган талаб ўсишда давом этаётганини айтди.
"Украинада Махсус ҳарбий операцияни ҳисобга олган ҳолда, ҳарбий транспорт авиациясининг иш юки кўп марта ошди. Биз Совет Иттифоқининг даврларига нисбатан ҳарбий транспорт авиациясининг иш юкини икки бараварга оширдик. Ва бу иш юки тобора ортиб бормоқда ... Бугун биз қарор қабул қилишимиз ва АН-124 оғир транспорт самолётлари билан боғлиқ барча масалаларни кўриб чиқишимиз керак. 2025 йилга келиб уларнинг сонини икки баравар оширишимиз керак ", деди Россия Мудофаа Вазири.
Шу йилнинг 23 сентябрида Малида "Вагнер"га тегишли экани айтилган ИЛ-76 учоғи авиаҳалокатга учраганди.
Ил-76 илгари Ўзбекистонда В.П.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида серияли ишлаб чиқарилган. 2010 йилда транспорт учоғини ишлаб чиқариш расман Россияга Уляновскдаги Авиастар-СП заводига ўтказилган.
Россия ФСБси Марказий Осиёни “террорчи ташкилотлар” ҳужуми билан қўрқитмоқда
Терроризм мавзси МДҲга аъзо давлатлар махсус хизматлари раҳбарларининг Бокудаги йиғилишининг ҳам кун тартибида эди.
Ўзбекистон ДХХ раиси Абдусалом Азизов ҳам қатнашган йиғилишда сўзга чиққан Россия ФСБ директори Александр Бортниковнинг таъкидлашича, иқтибос - “халқаро террористик ташкилотлар сафига қўшилган Марказий Осиё республикалари фуқаролари чегара ҳудудларида разведка ўтказмоқда ва қўпорувчилик гуруҳлари ва террор воситаларини ўтказиш учун заиф ҳудудларни аниқламоқда”. Бортников, террорчиларнинг устувор мақсади Марказий Осиё мамлакатларида, хусусан, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистонда ҳокимиятни қўлга киритиш ва уларни глобал халифалик деб аталмиш давлат таркибига киритиш” эканлигини иддао қилди.
Россия хавфсизлик хизмати раҳбарининг даъво қилишича, бу Америка ва Британия разведка хизматларининг фаол иштирокида амалга оширилмоқда.
"Шу нуқтаи назардан, айни пайтда АҚШ ва НАТО афғон террорчилик таҳдидини жиловлаш баҳонасида Марказий Осиё республикаларидаги ҳамкорларимизга ҳарбий-техник ва ҳарбий-техник соҳада фаол равишда ўз хизматларини юклай бошлаганини табиий деб биламиз. Ишончимиз комилки, уларнинг вазифаси МДҲнинг ҳарбий маконини ривожлантириш, шунингдек, унинг иштирокчилари ўртасида бўлинишнинг янги йўналишларини жорий этишдир”, деди Александр Бортников.
Россия ФСБ раҳбари ўз иддаоларини тасдиқловчи бирон далил келтирмаган.
Экспертлар Россия Марказий Осиё давлатларини назорат қилиш учун минтақадаги терроризм хавфини бўрттириб кўрсатишини айтадилар.