Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2025, Тошкент вақти: 02:27

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

19:02 10.10.2023

Конибодомда Украинага олиб қочилган вертолетда ўлдирилган штурман дафн этилди

Тожикистоннинг Конибодом шаҳрида Ми-8 вертолёти Украинага олиб қочилиши чоғида ўлдирилган 35 ёшли учувчи Хушбахт Турсуновни дафн қилишди. Аввалроқ, Турсунов сўнгги йилларини яшаган Екатеринбург шаҳрида у билан видолашув маросими ўтказилган эди, дея хабар қилмоқда Озодликнинг тожик хизмати.

Ҳалок бўлган штурманнинг отаси Алижон Турсуновга кўра, у ўғли Украинага қарши урушда иштирок этаётганидан бехабар бўлган.

Алижон Турсунов, марҳумнинг отаси “У капитан ҳарбий унвонида эди. Украинага кетганини билмасдим. Ўғлимга яхши тарбия берганмиз, ўқитганмиз. У оиламизнинг ягона боқувчиси эди”, дейди.

Хушбахт Турсунов Сизран учувчилар билим юртини тугатганидан сўнг Россияга кўчиб кетиб, отаси айтишича, қоровул бўлиб ишлаб юрган.

Ми-8 вертолётининг олиб қочилиши Украина ҚК Бош штаби Разведка бош бошқармаси (РББ)нинг олти ойлик махсус операцияси бўлгани айтилади. Украина ҳарбий разведкаси ходимлари учувчи билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлганлар ва у вертолётда Россия ҳудудини тарк этиб, Харьков вилоятига қўнган.

Россиялик учувчи РББ ходимлари аввалроқ Россиядан олиб чиқиб кетган оиласи билан бирга ҳозирда Украинада яшамоқда.

Украин разведкасига кўра, вертолётни Россия ҚК капитани, 28 ёшли Максим Кузьминов олиб қочган. У Украина разведкаси вакили билан ўзи алоқа боғлаган. Кузьминовга хавфсизлик кафолатлари, янги ҳужжатлар ва мукофот пули ваъда қилинган, шундан сўнг вертолётни фронт чизиғи орқали олиб ўтиш режаси ишлаб чиқилган.

Экипажнинг воқеадан бехабар икки аъзоси яширинишга уринган вақтларида ўлдирилган.

19:00 10.10.2023

Рамзан Қодиров Путинга Чеченистон Қахрамони олий унвонини топширди

Россия президенти Владимир Путин Чеченистоннинг олий мукофоти – Аҳмад Қодиров номидаги орден билан мукофотланди. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров (марҳум Аҳмад Қодировнинг ўғли) маълум қилди.

Унинг ёзишича, Путинни Қодиров номидаги орден билан тақдирлаш тўғрисида фармон 2007 йилда имзоланган. Путинга мукофотни топширишга нима халал бергани очиқланмаган. Рамзан Қодировга кўра, “олий мукофотни беришга қулай фурсат ёхуд баҳона бўлмаган”. Ҳолбуки, аввалроқ Рамзан Қодиров ўзини, онасини, қизини, куёвини, жиянини ва бошқа қариндошлари ҳамда яқин мулозимларини ушбу орден билан мукофотлаган.

Кремл расмий сайти Путинга Қодиров номидаги орден топширилгани тўғрисида ҳануз хабар бермади. Расмий маълумотларга кўра, Қодиров Путин билан охирги марта 28 сентябрь куни шахсан учрашган. 7 октябрь – Путиннинг туғилган кунида у Россияда президент сайловини бекор қилишга ёки сайловда фақат битта – Путин номзодини қолдиришга чақирган эди.

Орден билан тақдирлаш ҳақидаги ушбу хабар Қуръонни ёқишда айбланаётган волгоградлик Никита Журавель устидан бўлаётган суд жараёни манзарасида эълон қилинмоқда. Журавелнинг ишини Чеченистонга топширишга Путин рухсат берган. Грозний шаҳридаги тергов ҳибсхонасида уни Қодировнинг 15 яшар ўғли Адам қаттиқ дўппослади. Ушбу воқеадан сўнг Адам Чеченистон Республикаси Қаҳрамони унвонини олди.

18:59 10.10.2023

Зеленский Россияни янги уруш ўчоғини яратишдан манфаатдорликда айблади

Украина президенти Владимир Зеленский Россия глобал ҳамжиҳатликни заифлаштириш учун Яқин Шарқда урушни авж олдиришдан манфаатдор эканини айтди.

"Биздаги мавжуд аниқ маълумотларга кўра, Россия Яқин Шарқда уруш қўзғатиб, глобал бирликни заифлаштирадиган, бўлинишларни келтириб чиқарадиган ва Европа эркинлигига раҳна соладиган янги уруш ўчоғини яратишдан манфаатдор. Биз рус пропагандачилари Исроилга ҳужумдан хурсанд бўлаётганини, Москванинг иттифоқчиси Эрон Исроилга ҳужум қилганларни очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаётганини кўриб турибмиз. Буларнинг барчаси ҳозирда дунёга тасаввур қилингандан ҳам каттароқ хавф туғдирмоқда. Олдинги жаҳон урушлари кўпинча маҳаллий тажовузлар билан бошланиб кетган. Биз бу таҳдидга қарши туриш учун зарур чора-тадбирларни тайёрлаяпмиз. Энг муҳими, максимал глобал бирлик зарурлигини тарғиб қиляпмиз”, деди ​ Украина президенти.

18:56 10.10.2023

Россия армияси Украина ҳудудига 36 та “Шаҳед” билан ҳужум қилди

Россия армияси сешанбага ўтар кечаси Украина ҳудудига 36 та зарбдор “Шаҳед” дронлари билан ҳужум қилди, дейилади Украина Ҳаво кучларининг эрталабки хабарномасида. Айтилишича, дронлар аннексия қилинган Қримдаги Чауда бурнидан учирилган.

Украина дронлардан 27 таси Одесса, Николаев ва Херсон вилоятлари осмонида уриб туширилганини маълум қилмоқда.

Тахминан бир пайтда Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Олег Кипер вилоят устида 23 та дрон уриб туширилганини, аммо бир нечтаси инфратузилма объектларига зарба беришга улгурганини билдирди. Ҳужумлар чоғида ҳечким жабрланмаган. Кипер аҳолини ҳаво тревогасига бефарқ бўлмасликка ва панагоҳларга яширинишга чақирган.

Украина Бош штабига кўра, ўтган суткада украин армияси душман позицияларига 10 та зарба берган. Россия эса душанба куни эълон қилган хабарномасида Чернигов вилоятидаги қурол омбори йўқ қилиниб, 11 йўналишда Украина ҳужумлари қайтарилганини иддао қилди.

Шунингдек, Херсон вилояти Россия қўшинлари томонидан мунтазам ўққа тутилаётгани айтилмоқда: Украина расмийларига кўра, бир сутка мобайнида вилоят ҳудудига 440 снаряд отилган. 10 октябрь тонггида Днепропетровск вилоятининг Никопол шаҳри ўққа тутилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG