Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўз ўғли, бош вазир ўринбосари, Олий назорат палатаси раиси ҳамда “Туркман алабайлари” халқаро ассоциацияси раҳбари Сардор Бердимуҳамедовга “Туркманистонда хизмат кўрсатган итбоқар” унвонини берди.
Президентнинг бунга оид тегишли фармони, Туркманистон телевидениеси “Ватан” ахборот дастури хабарига кўра, 21 апрель куни имзоланган.
Мазкур фахрий унвон Сардор Бердимуҳамедовга Туркманистон мустақиллиги йилларида итбоқарликда эришган катта ютуқлари учун берилган.
Туркманистонда “Хизмат кўрсатган итбоқар” ва “Халқ итбоқари” фахрий унвонлари мамлакат парламенти томонидан жорий йил март ойида таъсис этилган.
Мамлакатда Алабай итларига ҳам, итбоқарларга ҳам алоҳида эътибор билан қаралади. Ўтган йил 10 ноябрида Ашхободда Алабайга улкан олтин ҳайкал ўрнатилганди.
Президент Бердимуҳамедовнинг ўзи Алабайлар ҳақида китоблар ёзган, ушбу ит зотига шеър ва қўшиқлар бағишлаган. Мамлакат оммавий ахборот воситалари президентнинг “Туркман Алабайи” китоби “халқ ҳаёти ва тақдирида муҳим роль ўйнайди” деган фикрни илгари суриб келади.