Москвада Россия мустақил медиани қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия аукциони ўтказилди

Аукцион тақдим этилган ишлардан бири (сурат “Веха” арт-гуруҳининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасидан олинган)

“Веха” арт-гуруҳи 11 сентябрь куни Москвада Россия ҳукумати босимига учраётган мустақил медиаларни дастаклаш мақсадида хайрия кўргазма-аукционини ўтказди. Бу ҳақда Озодликнинг рус хизматига ташкилотчилар маълум қилган.

Тадбирда тўпланган маблағнинг ярми “Doxa”, “Медуза”, “Важние истории”, “The Insider”, “Медиазона”, “Sota”, “Avtozak Live” нашрлари ва “Дождь” телеканалига берилади.

Бу “Веха” арт-гуруҳининг иккинчи хайрия тадбиридир. Биринчи тадбир июнь ойида Санкт-Петербургда ўтказилиб, йиғилган маблағ сиёсий маҳкумларга кўмаклашишга йўналтирилган.

“Биз одамлар диққат-эътиборини долзарб муаммоларга қаратишни хоҳлаймиз, токи улар мустақил ОАВлар босим остида қолганини унутишмасин. Кўп нашрлар “хорижий агент” деб эълон қилинганидан сўнг молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда. Биз улар ўз фаолиятини давом эттириши, Россияда сўз эркинлиги ярим-ёрти ҳолатда бўлса ҳам сақланишига кўмаклашишни истаймиз”, деган тадбир мутасаддиларидан бири бўлмиш Влада.

Кимошди савдосида 17 нафар рассом ва арт-жамоалар иштирок этган. Савдога қўйилган 18 та лотнинг ҳаммаси харид қилинган.

“Суратларнинг дастлабки баҳосини рассомлар ўзлари белгилади: бу бир рублдан 25 долларгача бўлди. Якуний энг юқори нарх битта сурат учун 51 минг рублни ташкил қилди. Кимошди савдосидан ҳаммаси бўлиб қарийб 400 минг рубль маблағ йиғдик”, деган Влада.

Ташкилотчилар қўшимча савдолар ўтказишни режалашмоқда. Бу савдолар 14 сентябрь куни бошланиб, ҳафта бўйи давом этади. Владанинг айтишича, қўшимча савдоларда еттита сурат аукционга қўйилади ва сотувдан тушган маблағнинг ярми мустақил медиани қўллаб-қувватлашга сарфланади.