С5+1 қандай бошланган эди ва АҚШ-Марказий Осиё муносабатлари қай йўсинда ривожланди - фотожамланма
2015 йил кузида АҚШ давлат котиби Жон Керри Марказий Осиёнинг барча беш давлатига ташриф буюриб, Вашингтон билан минтақа пойтахтлари ўртасидаги янги мулоқот форматига асос солди.Ўзбекистонда Жон Керрини самолёт трапида шахсан мамлакат президенти Ислом Каримов кутиб олди. СССР парчаланишидан олдин ҳокимиятга келган Каримов мамлакатни чорак асрдан ортиқ вақт давомида бошқарди. У ўзининг авторитар бошқарув услуби ва ўзгача фикрлайдиганларни бостириш сиёсати учун танқид қилинган.
АҚШнинг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги собиқ элчиси Жорж Крол ўз хотираларида ёзишича, Каримов Ўзбекистонни ташқи сиёсий ва иқтисодий таъсирлардан ихоталашга интилиб, мамлакатни узоқ вақт ёпиқ тизимда, дунё билан фақат расмий дипломатик алоқалар орқали боғлаб келган.
2013 йилда давлат котиби лавозимидаги илк оммавий нутқида Жон Керри “Қирзахстан” деган мамлакат номини тилга олган эди — эҳтимол, у Қирғизистонни назарда тутган. Бу хато яна бир неча йил давомида кулгу билан эслаб келинди.2015 йилда Марказий Осиё бўйлаб амалга оширган сафар чоғида Керри минтақанинг барча беш давлати раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Қозоғистонда Жон Керри мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди.Мамлакатнинг илк президенти — худди Ўзбекистондаги Ислом Каримов сингари — совет партия номенклатурасидан чиққан сиёсатчи эди. Бироқ қўшни мамлакат раҳбаридан фарқли ўлароқ, Назарбоев Ғарб компанияларига Қозоғистоннинг нефть бойликларига кириш имконини очди ва мамлакатнинг замонавий, хорижий инвесторларга дўстона давлат сифатидаги имижини яратишга интилади.Бу ҳақда АҚШ дипломати Жорж Крол ўз хотираларида ёзган — у ҳам Назарбоев, ҳам Каримов билан шахсан суҳбатлар ўтказган эди.
Марказий Осиё пойтахтлари орасида энг шимолда жойлашган Остона Жон Керрини совуқ об-ҳаво ва ўткир шамол билан қарши олди. Ноябр ойи бошларида бу ерларда қор ёғиши ва бўроннлар — одатий ҳолат. Ахборот агентликлари архивларида Керрининг қўлини пальтосига ўраб, совуқдан ҳимояланаётгани акс этган суратлар сақланиб қолган — Керри бу суратларда Қозоғистонга ташрифи чоғида зиёрат қилган масжид олдида турганини кўриш мумкин.
Туркманистонда Жон Керри мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокаралар ўтказди. У 2006 йилда илк президент Сапармурод Ниёзов вафотидан кейин давлат раҳбари лавозимини эгаллаган эди.Бердимуҳамедов ўзидан аввалги раҳбарнинг шахсга сиғиниш сиёсатини бир оз юмшатди, аммо ўрнига ўз шахсий культини ўрнатди — “Туркманбоши” (“Барча туркманларнинг отаси”) ўрнига янги унвон — “Арақадағ” (“Ҳомий”) пайдо бўлди. 2022 йилда Гурбангули Бердимуҳамедов амалдаги президентлик ваколатини ўғли Сердар Бердимуҳамедовга топширди.
Қирғизистонда Жон Керри Марказий Осиё Америка университетининг янги кампуси очилиш маросимида иштирок этди.Айнан шу мамлакат ҳақида гапирар экан, Керри 2013 йилда ўзининг машҳур нутқида “Қирзахстан” деб хато қилган эди. У шунда шундай деган:“Жасур америкалик ходимлар дунёнинг энг хавфли нуқталарда фаолият юритмоқда. Улар Нигерияда коррупцияга қарши курашмоқда, Бирмада қонун устуворлигини қарор топтирмоқда, Қирзахстан ва Грузияда демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда. Биз биламизки, мамлакатнинг демократия сари ўтиши катта вақт талаб қилади.”Ўша пайтда Қирғизистон мустақилликка эришганидан кейинги иккинчи инқилобни бошидан кечираётган эди. Ўша пайтдаги президент Алмазбек Атамбаев Қирғизистон тарихида ҳокимиятни инқилоб натижасида эмас, балки сайловлар йўли билан қабул қилиб олган биринчи давлат раҳбари бўлган эди.
Тожикистонда Жон Керрини аэропортда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари кутиб олди. Кейинроқ у президент Эмомали Раҳмон билан музокаралар ўтказди (у ҳозиргача мамлакатни бошқариб келмоқда).“Биз иккиламиз ҳам Афғонистон ва чегарадаги хавфсизлик масалалари, шунингдек, наркотрафик ва терроризмга қарши кураш масалаларидан жиддий хавотирдамиз,” — деган давлат котиби Душанбедаги баёнотида.
Жон Керрининг Марказий Осиёга ташрифи мамлакатлар томонидан АҚШнинг минтақа билан узоқ муддатли муносабатларни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган қизиқиши ортиб бораётганига далолат сифатида баҳоланди.Шу тариқа C5+1 платформасига асос солинди. Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги учрашувлар мунтазам тус олди ва улар ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим майдонга айланди.(Суратда: АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, 2023 йил.)
C5+1 форматидаги илк олий даражадаги саммит 2023 йилда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтди. АҚШ президенти Жо Байден БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.Қозоғистонни мамлакатнинг иккинчи президенти — собиқ дипломат, собиқ президент Назарбоевнинг шогирди Қасим-Жомарт Тоқаев тақдим этди. Назарбоев 2019 йилда ваколатларини топширган, “Қонли январь” воқеаларидан кейин эса сиёсий саҳнадан четлатилган эди.Қирғизистон делегациясига мамлакатда учинчи инқилоб натижасида ҳокимиятга келган Садир Жапаров раҳбарлик қилди.Ўзбекистон номидан эса Ислом Каримов вафотидан сўнг президентлик лавозимини эгаллаб, мамлакатни дунёга очган иккинчи президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.Туркманистон делегациясига отасидан кейин президент бўлган Сердар Бердимуҳамедов раҳбарлик қилди.Тожикистонда эса 1994 йилдан буён мамлакатни Эмомали Раҳмон бошқариб келмоқда.
2025 йилда Оқ уйга қайта сайланганидан сўнг, Дональд Трамп шу йилнинг ўзида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан қисқа музокаралар ўтказди. Учрашув БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтди.Орадан бир ой ўтгач, Трамп Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарларига Вашингтонга таклифнома йўллади — таклиф қабул қилинди.Мутахассислар тахминига кўра, саммит кун тартибининг марказида Марказий Осиёнинг бой ресурслари, хусусан нодир ер металллари бўлади.