Журналистлар олдинроқ Франциянинг Le Monde нашри "жосуслик романлари сюжетига ўхшаш" деб таърифлаган воқеага доир янги тафсилотларни эълон қилди.
Уларнинг иддаосича, "инсценировка" аломатлари бўлган воқеада Ўзбекистондаги Анорбанк эгаси Қаҳрамонжон Олимов "қурбон" ролини ўйнамоқчи бўлган.
Журналистлар Олимов билан гўёки уни ўғирлаб кетган ва қийноққа солган М. ўртасидаги ёзишмалар, сафар ҳужжатлари, молиявий ва процессуал материалларни ўрганиб чиққанликларини айтишган.
Уларнинг хулосаларига кўра, бу икки шахс ўртасидаги эски алоқалар ва охирги ёзишмалар "жиноятчи-жабрланувчи" муносабатларига тўғри келмайди.
Озодлик олдинроқ ҳар икки нашр таянган далиллар билан яқиндан танишган ва расмий изоҳ сўраб, Анорбанк орқали Қаҳрамонжон Олимовга ҳамда Франция прокуратурасига мурожаат қилган.
Париждаги одам ўғирлаш хроникаси
3 июль куни Le Monde нашри Франция ҳудудида содир этилган одам ўғирлаш ҳодисаси ҳақида хабар берди. Le Monde мақоласи тўлиғича Олимов айтиб берган ҳикояга асосланган.
23 июнь куни Парижда ўғирлаб кетилгани айтилган ўзбекистонлик 48 яшар Қаҳрамонжон Олимов француз нашрига ўзини 1 миллиард долларлик активни бошқараëтган Анорбанк эгаси деб таништирган.
Олимов полицияга 2025 йил 22 июнь куни туш пайти Париж марказида уни мажбуран микроавтобусга ўтқазишгани, номаълум жойга олиб кетишгани ва у ерда М. уни қийноққа солиб, 10 млн доллар талаб қилишганини айтган.
Ўзининг сўзларига кўра, шундан сўнг у Ницца яқинидаги виллага олиб кетилган ва у ерда ҳам қийноқлар давом этган. М. гўёки Олимовни қатл қилишни саҳналаштирган, шунингдек видеога олиб ўзбек ҳокимиятини ҳақорат қилишга мажбурлаган.
Банкир 5 млн долларга тилхат ёзиб берган ва унинг бир қисми - 200 минг долларни тўлаб беришга рози бўлган. Шундан сўнг қўйиб юборилганини айтган Олимов кейинроқ полицияга мурожаат қилган.
Олимовнинг таъкидлашича, жиноятчиларнинг мақсади 10 млн доллар миқдорида товон пули ундириш бўлган.
Банкир жиноятни Ўзбекистон "ҳокимиятига яқин" Б. Р.нинг ишончли одами бўлган М. исмли шахс содир этганини иддао қилган.
Олимовнинг Парижда ўғирланиши ва қийноққа солиниш ҳодисаси Ўзбекистон матбуотида фаол ёритилган.
Le Monde мақоласи тафсилотлари билан мана бу ерда танишиш мумкин.
Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари Францияда бошланган терговга ҳеч қандай муносабат билдирмаган. Воқеа юзасидан Ўзбекистонда бирон ҳуқуқий жараён бошлатилгани маълум эмас.
Олимовга тегишли Анорбанк бир баёнот чиқариб, ҳодиса "шахсий хусусиятга эга" эканлигини айтган ва банкнинг операцион фаолиятига алоқаси йўқлигини маълум қилган.
"Ушбу ҳодиса шахсий, корпоратив бўлмаган хусусиятга эга бўлиб, банкнинг операцион фаолиятига алоқадор эмас. АНОРБАНК ўз ишини одатдаги тартибда давом эттирмоқда – барча бўлимлар, хизматлар ва рақамли каналлар барқарор ишлаяпти, жорий ва стратегик лойиҳалар тасдиқланган режаларга мувофиқ амалга оширилмоқда", дейилган расмий ахборотда.
Мавзуга алоқадор "Худди жосуслик романларидаги каби". Парижда ўғирлаб кетилган ўзбек банкир ҳикоясиThe Insider ва L’Express нималарни аниқлаган?
Журналистлар ўзлари ўтказган қўшма суриштирув бу воқеадаги кўплаб зиддиятларни ўртага чиқарганини айтишмоқда.
Уларга кўра, Олимов ўзини ўғирлагани ва қийноққа солганини иддао қилган М. исмли шахс билан олдиндан таниш бўлган ва 2025 йилнинг 23 июнидан 26 июнига қадар дўстона мулоқот олиб борган. Бундан ташқари, суриштирув хулосасида айтилишича, Олимов полицияга гувоҳлик бериб турган вақтида Telegram'да М. билан "тўловнинг 200 минг долларлик бир қисми"ни етказиш масаласини муҳокама қилган.
Журналистларга кўра, Le Monde мақоласида тилга олинган "Ўзбекистон ҳокимиятига яқин Б.Р." ўзбекистонлик олигарх Ботир Раҳимовдир.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Турк матбуоти Ботир Раҳимовни нега нишонга олмоқда?
Ботир Раҳимов 2001 йили очилган Капиталбанкнинг асосий акционери бўлган. 2010 йилда қатор иқтисодий жиноятларда айбланиши ортидан¸ Араб Амирликлари¸ сўнгра Туркияга қочиб кетган.2010 йилдан буён Капиталбанк акциялари Шавкат Мирзиëевнинг тўнғич куëви Ойбек Турсунов, миллиардер Алишер Усмонов¸ сўнгра уларга алоқадор шахс ва оффшор компанияларига ўтган.
The Insider ва L’Express журналистлари тўлиқ исмини очиқламаган М.исмли шахс эса, уларга кўра, Ботир Раҳимовнинг собиқ бизнес ҳамкори. 2016 йилда Туркияга кўчиб ўтган Ботир Раҳимов ўзига тегишли Капиталбанк активларини сотиш бўйича келишув доирасида 10 миллион долларни М.га тўлаб бериш шартини қўйган. Аммо мақолада иддао қилинишича, Олимов Ўзбекистондаги "ҳомийлари"га ишора қилиб, бу пулни тўлашдан қочиб юрган.
"Ўғирлаб кетилган" Қаҳрамонжон Олимов ушлаб турилган Ниццадаги вилла.
The Insider ва L’Express суриштирувида Олимов ўтмишда ўзининг иш берувчиси бўлган Ботир Раҳимовни "бизнеси таҳдид остида" эканига ишонтиришга муваффақ бўлгани ва унинг Ўзбекистондаги активларини асл қийматининг 5 фоизи миқдоридаги пулга сотиб олгани айтилади.
Журналистларнинг ёзишича, кейинроқ Раҳимов Ўзбекистонга ҳеч нарсасиз қайтган, Олимов эса олигархга айланган.
Раҳимов 2018 йилги битимни қайта кўриб чиқишни талаб қила бошлайди, Олимовдан 200 млн доллардан ортиқ компенсация талаб қилиб адвокатлар ёллаган.
Худди шу фонда Олимовнинг Францияда «ўғирланиши» ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган.
The Insider ва L’Express журналистлари, ўзларининг таъбирича, Олимовнинг ўғирланиши "инсценировкаси"дан энг кўп зарар кўрган — Раҳимов, деган хулосага келишган.
The Insider Ботир Раҳимовнинг қабулхонаси орқали унга саволлар йўллагани, L’Express журналистлари эса «жабрланувчи» Олимовга яқин манба билан суҳбатлашганини айтган.
Аммо суриштирув хулосасида, хусусан, Олимовнинг бу иддаоларга муносабати акс этмаган.
2020 йил Анорбанкка асос солган Қаҳрамонжон Олимов¸ ўз Линкдин профилига кўра¸ ундан олдин фақат битта банкда ишлаган. Олимов 2011 йилдан Капиталбанк АЖ бошқарув кенгаши раиси бўлган. Капиталбанк расмий ҳужжатлари, Олимовнинг 2017-2018 йилларда ҳам Капиталбанк раҳбари бўлганини тасдиқлайди. Аммо Капиталбанкдаги узоқ йиллик бошқарув негадир Олимовнинг Анорбанкда тақдим этилган таржимаи ҳолида кўрсатилмаган.
Анорбанк The Insider ва L’Express эълон қилган суриштирувга муносабат билдиргани йўқ. Суриштирув хулосалари Le Monde мақоласини кўчириб босган Ўзбекистоннинг маҳаллий нашрлари эътиборидан ҳам четда қолди.
Озодлик The Insider ва L’Express журналистлари таҳлил қилган, шунингдек, ўз ихтиёридаги қўшимча далиллар юзасидан Қаҳрамонжон Олимов ва Франция прокуратурасидан расмий жавоб кутмоқда.