Президент Шавкат Мирзиёев 6 май куни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан телефон орқали ўзаро иқтисодий алоқаларда коронавируснинг таъсирини камайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, мулоқот аввалида президентлар “Рамазон ойи муносабати билан самимий қутловлар билан алмашганлар”.
Президентлар пандемиянинг савдо амалиётлари, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган кооперация лойиҳалари, экспорт-импорт юкларининг транзит ташувлари учун салбий оқибатларини камайтириш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларга видеоанжуманлар ўтказиб боришни давом эттиришни топширдилар.
Шунингдек, коронавирусга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва яқиндан ҳамкорлик қилишга, жумладан, ушбу хавфли касалликни профилактика қилиш ва даволаш борасида, аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича биринчи галдаги чоралар бўйича ахборот ва тажриба алмашишга келишиб олинди.