Туркманистонда яна соч ва тирноқ бўяш тақиқланди

Туркманистонлик аёллар.

Туркманистон ҳукумати давлат хизматчиларининг кийниши ва ташқи кўринишига талабни яна кучайтирди. Янги қоидага асосан, бундан буён тирноқ ўстириш ва бўяш, соч бўяш тақиқланади.

Озодлик радиоси туркман хизматининг билдиришича, давлат ташкилотларида ишловчи барча хизматчилар, мактаб ўқитувчиларига соч бўяш, тирноқ ўстириш ва лаклаш, ясама киприк тақиш тақиқланган. Сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари ҳам бу ҳақда огоҳлантирилган.

Туркманистонда бундай тақиқ биринчи марта 2008 йилда жорий этилганди, бироқ кейинги йилларда бу тақиқ эсдан чиқиб бораётганди.

2008 йилда Amnesty International халқаро ташкилоти БМТнинг Аёллар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси йиғилишида Туркманистон ҳукуматини аёллар ҳуқуқини чеклашни тўхтатишга чақирганди.