Ливия ҳукумати Россия ёлланма аскарларини кимёвий қурол қўллаганликда айблади

Триполидаги жанг пайтида олинган сурат.

Ливиянинг дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган ҳукумати “Вагнер ҳусусий ҳарбий компанияси” ёлланма аскарларини мамлакат пойтахти Триполида кимёвий қурол қўллаганликда айблади. Бу ҳақда Al-Araby Al-Jadeed газетаси хабар берди.

Ички ишлар вазири Фатхи Башағнинг айтишича, исёнчи генерал Халиф Хафтар томонидан жанг қилаётган Россия ёлланма аскарлари Триполи жанубидаги Салоҳиддин туманидаги жанг пайтида асабни фалаж қилувчи газдан фойдаланган.

Вазирнинг таъкидлашича, бу газдан фалаж бўлган ҳукумат аскарларидан бир нечтаси снайперлар томонидан отиб ўлдирилган. Вазир бу ишни “Вагнер” ёлланма аскарларидан бошқа ҳеч ким амалга ошира олмас эди, деб айтди. Хабарда бу воқеа қачон содир этилгани айтилмаган.

Аввалроқ Миср журналисти Амри Салоҳиддин Ливия ҳукумат кучларининг бир неча аскари генерал Хафтар исёнчи армияси ҳаводан қилган ҳужум оқибатида фалаж бўлиб қолгани ва ўрнидан туролмагани ҳақида ёзган эди.