Хитойнинг Хубэй вилоятида COVID-19 деб номланган коронавирусдан ўлганлар сони 1310 нафарга етди, касалликни юқтириб олганлар сони эса 48 минг кишидан ошди. Бу ҳақда вилоят гигиена ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси маълумот тарқатди.
Айни пайтда хасталикдан 3441 киши соғайгани айтилмоқда.
Хабарларга кўра, Хитой армияси коронавирусга қарши кураш учун Уханга қўшимча 2,6 минг нафар ҳарбий шифокорни йўллаган. Вирус тарқалганидан бери армия бу шаҳарга 4 минг нафар шифокор ва ҳамшира юборган.
Хитой расмийлари вирус янада кенгроқ тарқалиши олдини олиш учун Хубэй вилоятини изоляция қилган.
Коронавирусга чалиниш ҳолатлари Хитойдан ташқари яна 24 та давлатда қайд этилган.