10 январга ўтар кечаси қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган можарони Тожикистон чегара хизмати изоҳлаб, жанжалда Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Кўктош қишлоғи турғунларини айблади.
Тожикистон тарқатган маълумотга кўра, Кўктош қишлоғи аҳолиси вакилларидан бир гуруҳи тўпланиб, йўлдан ўтаётган Тожикистон фуқаролари ҳаракатланишига тўсқинлик қилган, Тожикистон фуқароси машинасини тошбўрон қилган. Шундан сўнг Тожикистон фуқаролари қирғизистонликлар автомобилларини тошбўрон қилган. Шунингдек, Тожикистон тарафи қирғизистонликлар икки марта овчи милтиғидан ўқ отганини иддао қилди.
Қирғиз чегарачилари иддаосича, ўқ фақат Тожикистон томонидан отилган ва бу ҳолат 10 январь эрталаб соат 6 гача давом этган.
Қирғизистон чегарачилари тарқатган маълумотга кўра,10 январга ўтар кечаси соат 00:40 ларда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен тумани ҳудудига кирган Яккаўрик деган жойда номаълум шахслар Боткен шаҳрига йўл олган қирғизистонликнинг автомашинасини тошбўрон қилган. Кейин ҳужумчилар Тожикистон ҳудудига кириб кетган.
Шундан тақрибан бир соат кейин тожикистонликлар Боткен шаҳридан Кўктош қишлоғига кетаётган бошқа бир қирғизистонликнинг автомобилини тошбўрон қилган. Ҳар иккала ҳолатда ҳам машиналарнинг ойналари синган ҳамда биринчи автомобиль ичида бўлганлар жабрланганлар.
Қирғизистон чегарачиларга кўра, қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни айни пайтда “нисбатан барқарор” дея баҳолаш мумкин.