Вашингтон Сурия шимолий-шарқидан олиб чиқаётган америкалик ҳарбийларни Ироққа йўллашни режаламоқда. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер билдирди.
Вазирга кўра, гап 700 дан зиёд ҳарбий ҳақида кетмоқда. Ироқ ғарбига жойлаштирилажак бу ҳарбийлар "Ислом давлати" террор гуруҳига қарши курашни давом эттиради.
Суриянинг SANA давлат ахборот агентлиги 20 октябрь куни АҚШ машиналари карвони шимолий Ироқдан Сурия ҳудудига киргани, улар Туркия ҳарбий амалиёт ўтказаётган ҳудуддаги Америка базаларидан ҳарбийларни олиб чиқиб кетиши ҳақида хабар тарқатди. Агентлик маълумотига кўра, карвонда 100 чоғли юк машинаси бўлиб, уларга ҳарбий қўриқчилар ҳамроҳлик қилмоқда.
Жорий йилнинг 9 октябрида Туркия Сурия шимолидаги қуролли курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёт бошлаган. Анқара уларни террорчи, деб билади. Вашингтон эса, аксинча, курд отрядларини “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб ҳисоблайди.