Туркия ва АҚШ Сурия шимолида турк ҳарбийлари амалиётини вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида келишиб олдилар. Бу ҳақда Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан 17 октябрь кунги учрашувдан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ вице-президенти Майкл Пенс билдирди.
Оташкесим 120 соат давом этади. Бу вақт оралиғида курд қуролли отрядлари ҳарбий ҳаракатлар ҳудудини тарк эта оладилар. Шундан сўнг Анқара амалиётни поёнига етказади.
Пенсга кўра, Вашингтон Анқарага нисбатан янги санкциялар жорий этмоқчи эмас, ўт очиш тўхтаганидан кейин эса амалдаги чекловлар ҳам бекор қилинади.
“Туркиядан ажойиб янгилик!.. Миллионлаган одам ҳаёти қутқарилади”, деб ёзди АҚШ президенти Дональд Трамп Твиттердаги ўз саҳифасида.
Эрдўғон билан Пенснинг 17 октябрдаги учрашуви икки ярим соат давом этди. Эрдўғон аввалроқ АҚШ вакилларининг миссиясига ишонқирамай қараётган эди. У ҳатто америкалик мулозимлар билан учрашмаслигини ҳам айтган, бироқ кейинроқ Туркия президенти қарорини ўзгартирди. Эрдўғон АҚШ томонидан киритилган санкцияларнинг кучайтирилишидан ҳам ташвишланмаётганини билдирган.
Туркиянинг Сурия шимолидаги курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёти 9 октябрь куни бошланган. Анқара курд қуролли отрядларини террорчи, деб ҳисоблайди. Вашингтон эса уларни “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб билади.
Амалиёт бошланганидан бери ўтган 9 кун давомида Туркия ва унинг суриялик мухолифатчилардан иборат бўлган иттифоқчилари чегара яқинидаги ҳудуднинг бир қисмини ўз назорати остига олишга муваффақ бўлди.
Бу орада курд отрядлари ҳам Дамашқ билан келишувга эришиб, Анқара ҳужумидан ҳимоя қилиши учун қатор шаҳарларни Сурия ҳарбийларига топширишди.