Туркияда Анқаранинг Суриядаги ҳарбий амалиётини ижтимоий тармоқларда танқид қилган 24 киши ҳибс этилди. Фойдаланувчиларнинг интернетдаги шу каби чиқишларини ҳукумат "дезинформация", деб атамоқда. Бу ҳақда давлатга тегишли Anadolu ахборот агентлиги хабар қилади.
Турк қўшинлари амалиётини танқид қилгани учун умумий ҳисобда 186 киши ушланган.
Сурияда курд отрядларига қарши амалиёт олиб бораётган Анқара бундан мақсад чегараларни террорчилардан тозалаш эканлигини таъкидламоқда. Вашингтон эса “Ислом давлати” террор ташкилотига қарши курашда курдларни ўзининг асосий иттифоқчиси эканлигини айтиб келади.
Қуруқликдаги амалиётлардан ташқари, турк ҳарбийлари ҳаводан ҳам зарба бермоқда. Инсон ҳуқуқлари мониторинги Сурия марказининг баёнотига кўра, амалиёт бошланганидан бери камида 70 нафар тинч аҳоли вакили, жумладан, 21 бола ҳалок бўлган. Ташкилот маълумотига қараганда, 300 мингга яқин киши уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
Туркия расмийларининг Суриядаги ҳаракатлари Европа Иттифоқи ва Араб давлатлари лигаси танқидига учради. АҚШ, Канада, Франция, Германия, Буюк Британия ва ЕИдаги бошқа мамлакатлар Анқарага қурол етказиб беришни тўхтатди. Айни пайтда Болгария ва Венгрия Туркияга қарши бормоқчи эмас. Улар Анқара билан можаро Европада янги миграция инқирозига сабаб бўлиши мумкинлигидан ташвишланмоқдалар.