Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ўзининг навбатдаги ҳисоботида Туркманистон, Эрон ва Беларусни матбуот цензураси энг чуқур илдиз отган ўн давлат қаторига киритди.
10 сентябрь куни эълон қилинган ҳисоботда ушбу давлатларнинг “репрессив ҳукуматлари мустақил матбуот эркинлигини чеклашнинг анъанавий методлари билан бир қаторда мураккаб рақамли цензура ҳамда кузатишлардан фойдаланади”, дейилади.
Цензура энг кенг тарқалган ўн давлатда расмийлар мустақил матбуотни бутунлай ман этган ёки унинг фаолиятини кескин чеклаб қўйган. Мустақил журналистларни сукут сақлашга мажбурлаш учун эса улар қамоққа олишлар, рақамли ва анъанавий кузатиш ҳамда бошқа йўллар билан қўрқитилади. Ҳисоботда ушбу мамлакатларда журналистларнинг ўзларини цензура қилиши ҳам кенг тарқалгани эътироф этилган.
Матбуот эркинлиги энг кўп чекланган уч давлат, яъни Эритрея, Шимолий Корея ва Туркманистонда матбуот ҳукумат линиясидан чиқмайди, мустақил журналистлар фақат хорижда туриб фаолият юритади.
Ҳисоботда Туркманистонда президент Гурбангули Бердимуҳамедов “ҳаётнинг барча жиҳатини, жумладан, матбуотни мутлақ назорат қилиши ва улар ёрдамида шахсга сиғинишни тарғиб қилаётгани” айтилади.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистонни матбуот эркинлиги энг кенг чекланган 10 давлат қаторига киритмади.