Афғонистон расмийлари АҚШ ва Толибон ўртасидаги тинчлик келишуви лойиҳаси юзасидан хавотир билдирди

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили  Залмай  Халилзод 2 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда  Толибон ва АҚШ ҳукумати "деярли келишувга келганини" билдирган эди.

Афғонистон расмийлари АҚШ ва Толибон ўртасида "деярли имзоланган" тинчлик битими юзасидан ўз хавотирларини изҳор этди.

Президент матбуот котиби Сиддиқ Сиддиқий шартнома нусхаси билан танишиб чиққанини, аммо унинг таркиби ва шартлари қандай бажарилиши ҳақида саволлар туғилганини маълум қилди.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод 2 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда Толибон ва АҚШ ҳукумати "деярли келишувга келганини" билдирган эди.

Шартномада Толибон ўз бошқарувидаги ҳар қандай ҳудудни АҚШ ва унинг ҳамкорларини нишонга олувчи террорчилар учун бошпанага айлантирмаслик мажбуриятини ўз зиммасига олган. Икки тараф, шунингдек, Афғонистондан ғарб кучларини босқичма-босқич олиб чиқиб кетишга келишиб олган.

Келишувга эришилгани ҳақидаги хабар тарқалиши ортидан тўққиз нафар собиқ АҚШ элчиси Америка қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетса, Афғонистон фуқаровий уруш қаърида қолиши ҳақида огоҳлантирди. Улар бунинг олдини олиш учун Афғонистон ҳукумати иштирокида "ҳақиқий тинчлик битимига" эришиш кераклигини айтишди.

Сиддиқий АҚШ сиёсатчиларининг ушбу хавотирларини такрорлади.