Толибон жангарилари Афғонистоннинг иккинчи йирик шаҳрига қаттиқ ҳужум бошлади.
Яқиндагина АҚШнинг махсус элчиси, музокарачилар Афғонистондаги салкам 18 йиллик можарога барҳам бериш йўлидаги келишувга яқин турибди, деб баёнот берган эди.
Мамлакат шимолидаги стратегик жиҳатдан муҳим Қундуз шаҳрига уюштирилган қонли ҳужумдан сўнг Толибон жангарилари 1 сентябрда Бағлон вилояти маркази Пули-Хумри шаҳрига ҳамла қилмоқда, деди полиция бошлиғи матбуот котиби.
Ички ишлар вазири матбуот котиби Нусрат Раҳимийга кўра, жангарилар шаҳардаги иккита ҳудудни эгаллаб олди ва Афғонистон ҳукумати хавфсизлик кучлари билан жанг қилмоқда.
‒ Бутун шаҳар ёпиқлигича қолмоқда, ‒ дейди Бағлон вилояти кенгаши раиси Сафдор Муҳсиний. ‒ Агар марказий ҳукумат шошилинч чоралар кўрмаса, вазият оғирлашиши мумкин.
Ўша баёнот берилишидан сал олдин АҚШнинг тинчлик элчиси Залмай Халилзод Твиттерда АҚШ билан Толибон вакиллари Қатарда музокараларнинг саккизинчи туркумини якунлаётгани ҳақида ёзган эди: “Биз битим тузишга яқин турибмиз, у зўравонликни камайтиради ҳамда афғонларга бирга ўтириб, шарафли ва барқарор тинчликка эришиш учун музокара қилиш эшигини очади".
У битим тафсилотларини баён қилмади, аммо ўша куни Кобулга бориб, ҳукумат амалдорлари билан учрашмоқчи эканини билдирди.
Толибоннинг етакчи музокарачиларидан бири Рейтер ахборот агентлигига: “Биз энди ушбу музокаралар натижаларини раҳбариятимиз билан муокама қиламиз, Залмай Халилзод эса тинчлик музокараларида эришилган қарорлардан бориб, Афғонистон раҳбариятини хабардор қилмоқчи”, деб айтди.