Россия билан Украина бир-бировига 33 нафардан фуқаросини топширади

Россия қўлга олган украиналик денгизчилар устидан суд мажлиси ўтмоқда. 2019, 16 август.

Россия Украинага 33 украиналикни, Украина эса Россияга 33 россияликни топшириш тўғрисида томонлар келишиб олди.

РБК нашрининг бу хабарини Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков тасдиқлар экан, Москва билан Киев ҳар икки томонда ҳибсда ушлаб турилган кишиларни айирбошлашга оид масалалар муҳокама қилинаётганини билдирди.

РБК нашрининг ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, маҳбусларни айирбошлаш масаласини шахсан президент Зеленский назорат қилмоқда. Украина президенти учун ўтган йилнинг ноябрида Қрим ярим ороли соҳилида Россия томонидан қўлга олинган украиналик денгизчилар масаласи муҳим эканлиги айтилди.

Россияда ушлаб турилган украиналикларни ватанга қайтариш мавзуси Владимир Зеленскийнинг сайловолди дастуридаги энг муҳим пунктлардан бири эди.