Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ўз тарафдорларини 8 август тушдан кейин Оқ уй (президент маъмурияти ва парламент жойлашган бино) олдида муддатсиз митинг бошлашга чақирди.
8 август куни Бишкек вақти билан соат 11да Қўйтош қишлоғидаги уйи олдида уч юз нафарга яқин тарафдорлари олдида сўзлаган Атамбаев ўзини қўлга олиш амалиёти пайтида кучишлатар тузилмаларининг ходими ҳалок бўлгани учун масъулиятни амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбеков зиммасига юклади.
Атамбаев тарафдорларини кучишлатар тузилмаларининг гаровга олинган 6 нафар ходимини озод этишга ҳам чақирди.
8 августга ўтар кечаси Қўйтош қишлоғида собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш амалиёти бошланган эди. Бироқ Атамбаевни қўлга олишга муваффақ бўлинмади.
Кучишлатар тузилмалар ва Атамбаев тарафдорлари ўртасида юзага келган тўқнашув оқибатида бир одам ҳалок бўлди, 52 одам жароҳатланди.Ҳалок бўлган одам Миллий хавфсизлик хизматининг махсус топшириқларни бажарувчи гуруҳи ходими бўлган.
Атамбаев тарафдорлари кучишлатар тузилмаларнинг олти нафар ходимини қўлга олиб, гаровда ушлаб турибди.
27 июнь куни парламент томонидан дахлсизлик мақомидан маҳрум этилган Алмазбек Атамбаевга нисбатан олтита айблов илгари сурилган. Бош прокуратура улардан бештасини асосли, деб топган. Алмазбек Атамбаевнинг ўзи бу айбловлар сиёсий сабабга эга эканини урғуламоқда.