Қирғизистоннинг амалдаги президенти собиқ президентни "қуролли қаршилик кўрсатган"ликда айблади

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков 8 августда Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказди.

Жээнбеков йиғилишда “Алмазбек Атамбаев Қирғиз Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларини қўпол тарзда бузган ҳолда, тергов жараёни қонуний равишда олиб борилишига қарши қуролли қаршилик кўрсатди”, деб баёнот берди.

Давлат раҳбари Хавфсизлик кенгаши аъзоларига “зудлик билан қонунийликни, мамлакатдаги тинчлик ва хавфсизликни сақлаш юзасидан барча чора-тадбирларни амалга ошириш”га кўрсатма берди.

Кенгашда Миллий хавфсизлик хизмати раиси Ўрўзбек Ўкумбаев, Ички ишлар вазири Кашкар Жунушалиев, Бош прокурор Ўткурбек Жамшитов юзага келган вазият борасида маълумот беришди. Расмий хабарда, мазкур вазият юзасидан қарорлар қабул қилингани хабар қилинди.

8 августга ўтар кечаси Қўйтош қишлоғида собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш амалиёти бошланган эди. Бироқ Атамбаевни қўлга олишга муваффақ бўлинмади.

Кучишлатар тузилмалар ва Атамбаев тарафдорлари ўртасида юзага келган тўқнашув оқибатида бир одам ҳалок бўлди, 52 одам жароҳатланди. Ҳалок бўлган одам Миллий хавфсизлик хизматининг махсус топшириқларни бажарувчи гуруҳи ходими бўлган.

Атамбаев тарафдорлари кучишлатар тузилмаларнинг олти нафар ходимини қўлга олиб, гаровда ушлаб турибди.

27 июнь куни парламент томонидан дахлсизлик мақомидан маҳрум этилган Алмазбек Атамбаевга нисбатан олтита айблов илгари сурилган. Бош прокуратура улардан бештасини асосли, деб топган. Алмазбек Атамбаевнинг ўзи бу айбловлар сиёсий сабабга эга эканини урғуламоқда.