Атамбаевни қўлга олиш амалиёти пайтида яраланганлардан 38 нафари касалхонада қолмоқда

8 августга ўтар кечаси ҳуқуқ-тартибот органларига қаршилик кўрсатган Атамбаев тарафдорлари.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш амалиёти пайтида яраланганлардан 38 нафари касалхонада қолмоқда. 7 август куни касалхонага жами 48 нафар жароҳатланган одам мурожаат қилган. Яраланганлардан 15 нафари кучишлатар тузилмалар ходимидир.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар беришича, касалхонада сақланаётганлардан икки нафарининг аҳволи ўта оғир ва улар реанимация бўлимида сақланмоқда. Жумладан, оғир тан жароҳати олган Чуй вилоят милицияси бошлиғи Самат Курманкулов кома ҳолатида қолмоқда.

Яраланиб, касалхонага келтирилганлардан бири вафот этди. У ҳуқуқ-тартибот органи ходими бўлган.

Атамбаев тарафдорлари кучишлатар тузилмаларнинг олти нафар ходимини қўлга олиб, гаровда ушлаб турибди.

Собиқ президентнинг уйи жойлашган Қўйтош қишлоғидаги амалиёт 8 августга ўтар кечаси бошланган эди. Бироқ Атамбаевни қўлга олишга муваффақ бўлинмади.

27 июнь куни парламент томонидан дахлсизлик мақомидан маҳрум этилган Алмазбек Атамбаевга нисбатан олтита айблов илгари сурилган. Бош прокуратура улардан бештасини асосли, деб топган. Алмазбек Атамбаевнинг ўзи бу айбловлар сиёсий сабабга эга эканини урғуламоқда.