Толибон президентлик сайловига ҳалақит беришини билдирди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани сайловда хавфсизлик тўлиқ таъминланишини айтмоқда.

Толибон жорий йилнинг сентябрида Афғонистонда ўтказиладиган президентлик сайловини “алдоқчилик” деб атади ва сайлов жараёнига имконияти борича тўсқинлик қилиши тўғрисида баёнот тарқатди.

6 августда тарқатилган баёнотда Толибон афғонистонликларни сайлов участкаларидан узоқроқ бўлишга ва “намойиш ҳамда митингларда иштирок этишдан тийилиш”га чақирди. Толибоннинг билдиришича, сайлов участкалари ва намойишлар ҳужумлар учун асосий нишондир.

Мазкур баёнот АҚШ ва НАТО Толибон билан Афғонистондаги 18 йиллик урушни тўхтатиш йўналишидаги музокараларда муваффақиятлар сезила бошлагани тўғрисида маълум қилгани ортидан тарқатилди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани куч ишлатар тузилмалар 28 сентябрда ўтказилиши режалаштирилган сайловда хавфсизликни тўлиқ таъминлаш салоҳиятига эга эканини айтмоқда.