Москва марказида қўлга олинганлар сони 400 нафардан ортди

Маҳаллий матбуотнинг хабар қилишича, полицияга журналистлардан бошқа ҳаммани қўлга олиш буйруғи берилган. Москва, 2019, 27 июль.

Бугун Россия пойтахтида мухолифат Москва шаҳар Думасига мустақил номзодларни рўйхатга олишни талаб қилиб, расмий рухсат берилмаган норозилик акциясини ўтказмоқда.

Шаҳар расмийлари полиция ва Росгвардия кучларини сафарбар қилиб намойишларга ҳозирланди. Свобода радиосининг Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотга таяниб хабар қилишича, 430 киши қўлга олинди.

Радио мухбирининг хабар қилишича, ҳар дақиқада намойишчиларни полиция олиб кетмоқда. Қўлга олинганлар орасида шунчаки сайр қилиб юрганлар ҳам борлиги айтилмоқда.

Маҳаллий матбуотнинг хабар қилишича, полицияга журналистлардан бошқа ҳаммани қўлга олиш буйруғи берилган.

Шаҳар кенгашига номзодлигини кўрсатмоқчи бўлганлар ҳам қўлга олингани хабар қилинди. Улар орасида Коррупцияга қарши кураш жамғармаси директори Иван Жданов, мухолифатчи Дмитрий Гудков ҳамда мустақил номзод Юлия Галяминалар бор.

Намойиш уюштирувчилари бугунги акция шаҳар халқи қонуний аснода шаҳар кенгашига номзодлар билан ўтказаётган учрашув эканлигини айтишмоқда.