Эронда 17 киши АҚШ фойдасига жосуслик қилишда айбланди

Эрон расмийлари мамлакат хавфсизлик хизматлари Марказий разведка бошқармаси (МРБ) жосуси сифатида АҚШ фойдасига ишлаган 17 одам аниқланганини, уларнинг айримлари ўлим жазосига ҳукм қилинганини маълум қилди.

22 июль куни Эрон разведка вазири 18 июль куни “МРБ жосуслари” тармоғи йўқ қилинганини айтди.

Исми ошкор қилинмаган разведка расмийси уларнинг айримлари ўлим жазосига, айримлар узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилинганини маълум қилган.

Разведка вазирлиги эълон қилган баёнотда гумонланувчилар иқтисод, ядровий дастур, инфратузилма, армия ва киберхавфсизлик соҳаларида махфий маълумотлар тўплагани айтилади.

Эрон матбуоти хабарларига кўра, гумонланувчилар 2019 йилнинг март ойида қўлга олинган. Эрон матбуоти гумонланувчилар маълумот юборган МРБ зобитлари эканлиги иддао қилинган шахслар суратларини ҳам эълон қилди.

Бу хабарлар АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар кескин таранглашган бир пайтда эълон қилинди. Ўтган йилда АҚШ Эрон билан эришилган ядровий келишувдан чиқиб, Теҳронга қарши санкция жорий қила бошлаган.