Эрон ўз дронининг АҚШ кемаси томонидан уриб туширилганини инкор қилди

USS Boxer ҳарбий кемаси.

Эрон ҳукумати стратегик Ҳормуз бўғозида ўз дронининг АҚШ жанговар кемаси томонидан уриб туширилганини рад қилди. Бу раддия олдидан Дональд Трамп Эрон дронининг уриб туширилганини иддао қилган эди.

Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Аббас Арағчи 19 июль куни Twitterда:

"Трампнинг асоссиз ва ақлдан узоқ иддаоларига қарамай¸ Эрон ислом жумҳуриятининг Форз кўрфази ва Ҳормуз бўғозидаги барча дронлари ўз базасига эсон-омон қайтиб келди”¸ деб ëзди.

Эрон Қуролли кучлари матбуот котиби маҳаллий матбуот¸ АҚШнинг USS Boxer кемаси билан ҳеч қандай конфронтация бўлмаганинини билдирди.

Трамп твитига кўра¸ айни шу ҳарбий кема Эрон дрони такрор огоҳлантиришларга қарамай¸ ўзига 1000 метрдан яқин келгани ортидан уриб туширилган.