Европа давлатлари Эрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувни сақлаб қолишни муҳокама қилади

Британия ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант

Европа давлатлари ташқи ишлар вазирлари Эрон ва АҚШ ўртасидаги тангликни озайтириш ҳамда Эронни мамлакат ядровий дастури бўйича 2015 йилда имзоланган келишув шартларини бажаришда давом этишга ундаш йўлларини изламоқда.

15 июль куни Брюсселда бўлиб ўтадиган йиғинда Европа давлатлари ташқи ишлар вазирлари Эронга АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш учун кўмаклашиш мақсадида жорий қилинган бартер тизимини кенгайтиришни муҳокама қилиши кутилмоқда. Британия ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант Эрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувни сақлаб қолиш учун вақт борлигини айтди.

Йиғин арафасида Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Вашингтон санкцияларни бекор қилса, Теҳрон музокара олиб боришга рози бўлишини айтган эди.

Аммо АҚШ давлат котиби Майк Помпео Теҳрон аввалги президент Барак Обама маъмуриятига ҳам айнан шундай таклиф қилганини, бу сафар Вашингтон ён бермаслигини айтди.

Трамп 2015 йилда АҚШ Эрон билан тузилган халқаро шартномадан чиқишини эълон қилганидан бери икки давлат муносабатлари кескинлашиб бормоқда.

АҚШ санкцияларни жорий қилгани учун Теҳрон жорий ойда келишув шартларини буза бошлади. Бунга жавобан АҚШ янада кўпроқ санкция жорий қилмоқчи.