Москвада тинч намойишга чиққанлар тутиб кетилди

Россия пойтахти Москвада 14 июль куни шаҳар думаси депутатлигига номзод бўлишни истаган мустақил даъвогарлар ҳимоясига оммавий намойиш ўтказилди. Москва шаҳар думасига сайлов шу йил сентябрида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Тинч намойиш полиция томонидан куч билан тарқатилди, қўлга олинганларнинг айримлари калтакланди.

“ОВД-Инфо” маълумотига кўра, акция чоғида жами 38 киши ушланган.

Қўлга олинганлар журналистларга полициячилар уларни калтаклаганлари, қоринлари ва бошларига урганлари, сочларидан тортганларини айтиб берганлар.

Аввалроқ Москва шаҳар сайлов қўмитаси 43-сайлов округи бўйича депутатликка номзод бўлишни истаган мустақил даъвогарларнинг ҳаммасини рўйхатга олишдан бош тортганди. Коррупцияга қарши кураш жамғармаси юристи Любовь Соболь сайлов қўмитаси ўзини дастаклаган имзоларнинг 15 фоизини ҳақиқий эмас деб топганини, ваҳоланки, қонунга мувофиқ, чиқитга чиқарилган имзолар кўлами 10 фоиздан кўп бўлмаслиги лозимлигини урғулаган.

Ўз навбатида Москва шаҳар сайлов қўмитаси раиси Валентин Горбунов Любовь Соболни сайлов комиссиясига босим кўрсатаётганликда айблаган.

43-округ бўйича депутатликка номзод бўлишга даъвогарлар орасида “Яблоко” блоки вакили Сергей Митрохин, актер Андрей Соловьев, футбол бўйича Россия терма жамоаси собиқ ўйинчиси Дмитрий Буликин ҳамда “Коррозия металла” рок гуруҳи лидери Сергей Троицкийлар бор эди.

Пировардида 43-округ бўйича фақат уч киши – КПРФ, ЛДПР ва “Справедливая Россия” парламент партиялари вакилларигина номзод ўлароқ рўйхатга олинган. Жорий қонунчиликка кўра, уларнинг имзо йиғишлари шарт эмас.