Литва қрим татарларнинг депортация қилинишини геноцид сифатида тан олди

1944 йилги депортация қурбонларини хотирлаш тадбирида иштирок этаётоган қрим татар ёшлари.

Литва парламенти 6 июнь куни 1944 йилда Сталин раҳбарлигидаги Совет ҳукумати Қримдан қрим татарларини депортация қилганини геноцид сифатида тан олди.

1944 йилнинг 18 майида қрим татарлари ўз ватанларидан мажбурий тарзда ҳайдаб чиқарилган эди. Совет ҳукумати “депортацияга иккинчи жаҳон уруши пайтида қрим татарлари фашистлар Германиясини қўллагани сабаб бўлди”, деб изоҳлаган эди.

Қайта қуриш йилларида Совет ҳукумати, кейинроқ эса Россия ва Украина бу депортацияни ноқонуний деб тан олганди.

Расмий маълумотларга қараганда, 191 минг қрим татар ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Уларнинг асосий қисми Ўзбекистонга, Қозоғистонга ва Тожикистонга, озроқ қисми Марий АССР, Урал, Кострома ва Тула вилоятларига кўчирилган.

Маълумотларда билдирилишича, мажбурий депортация оқибатида қрим татарларининг 46 фоизи ҳалок бўлган.