29 май куни Жанубий Кореяда Ўзбекистон фуқароси Алишер Жовлиев қурилаётган бинонинг юқори қаватидан тушиб кетган ва оғир аҳволда “Кангвон” университети касалхонасига олиб борилган.
Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Жабрланувчи Корея Республикасига 20 май куни Чунчон шаҳридаги “Кёнгин” университетининг тил ўрганиш курсида ўқиш учун келган ва пул ишлаш мақсадида жисмоний меҳнат билан шуғулланган.
"Дипломатик ваколатхона вазиятни назоратга олган, иш берувчи ва ватандошимиз даволанаётган касалхона раҳбарияти билан алоқа ўрнатган. Иш берувчи ташкилот ташкилий масалаларни ҳал қилиш ва даволаниш билан боғлиқ харажатларни қоплашга тайёрлигини билдирган", дейилади хабарда.
Айтилишича, Корея Республикасининг тегишли хизматлари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Корея Республикаси ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Сеул шаҳридаги элчихона қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган: +82-02-574-65-54, +82-02-577-36-60.